Ўзбекистон-Тожикистон қўшма тармоқлараро кўргазмаси икки мамлакатнинг саноат салоҳиятини намойиш этиш учун асосий майдонга айланди
Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон-Тожикистон қўшма тармоқлараро кўргазмаси очилди. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан CАEх кўргазма мажмуасида ташкил этилган йиғин аввалида мамлакатимиз инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Тожикистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зиёзода Сулаймон Ризои ва Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир иштирок этди.
Анжуманда бугунги кунда Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари изчил ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилгани қайд этилди. Қайд этиш керакки, икки қардош ўлка алоқалари нафақат сиёсий, балки иқтисодий, маданий ва дипломатик жиҳатдан ҳам юксалиб бормоқда.
Эътиборлиси, мазкур кўргазма ҳам икки мамлакатнинг саноат салоҳиятини намойиш этиш учун асосий майдонга айланди, дейиш мумкин. 1300 квадрат метрлик майдонни эгаллаган кўргазмада ўлкамиз томонидан тўқимачилик, электротехника, фармацевтика ва автомобилсозлик каби 15 та соҳадан 180 дан ортиқ компаниялар 450 дан ортиқ турдаги маҳсулотларни тақдим этмоқда. Тожикистон томонидан эса 10 та соҳадан 30 дан ортиқ компаниялар 200 га яқин маҳсулотни намойиш этмоқда.
[gallery-28362]
– Икки давлат раҳбарларининг бу галги учрашувлари доирасида янги маррага старт берилади, яъни янги завод очилиб, қўшимча иш ўринлари яратилади, - дейди “Artel Electronics” қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари Аббос Имомалиев. – Бунинг натижасида маҳсулотлар айланмаси ортиб, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг турлари ортади. Ҳозирги кунда тўққиз турдаги маҳсулот ишлаб чиқараётган бўлсак, келгусида 15 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқилиши кўзда тутиляпти. Янги завод 15 миллион АҚШ долларлик лойиҳа бўлиб, маиший техникалар ишлаб чиқишда муҳим босқич бўлади.
27 мартгача давом этадиган кўргазма ўзбек-тожик саноат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Тадбир дастурига B2B ва G2B учрашувлари, экспорт имкониятлари тақдимотлари, шунингдек, икки мамлакат хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида қатъий савдо шартномалари ва узоқ муддатли шериклик шартномаларини тузиш бўйича музокаралар киради.
Гўзал Сатторова,
Сарвар Ўрмонов (сурат),
ЎзА