Ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
Тошкент вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти тадбиркорлари иштирокида бизнес форум ўтказилди. Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода, икки ҳудуднинг тадбиркорлари, масъул ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Дастлаб меҳмонларга Юқори Чирчиқ туманидаги “AZIYA TASHKENT TEXTILE” корхонаси фаолияти таништирилди.


2022 йилда ишга туширилган мазкур лойиҳа қиймати 54,4 миллион долларга тенг бўлиб, корхонада йилига 300 миллиард сўмлик 10 минг тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Барча технологик ускуналар Швейцария ва Италия давлатларидан келтирилган. Айни пайтда 900 та иш ўрни яратилган.
Сўғд вилоят ҳокими Ражаббой Аҳмадзода корхонада олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди ва масъуллар билан суҳбатлашди. Шундан сўнг ҳудуд марказида бизнес форумнинг очилиш маросими ташкил этилди.


Таъкидланганидек, охирги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон давлатларининг стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари янада ривожланиб, минтақавий ҳамкорлик алоқалари тобора кенгаймоқда.
Форумда меҳмонлар учун Тошкент вилоятининг иқтисодий салоҳияти тақдимот қилиниб, охирги йилларда саноат, иқтисодиёт, туризм каби кўплаб соҳаларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Жумладан, Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган корхоналар томонидан жорий йилнинг январь- апрель ойларида Тожикистон давлати билан ташқи савдо айланмаси 11,6 миллион долларни ташкил этди. Айниқса, экспорт қилинган маҳсулотлар орасида электротехника ва қурилиш материаллари, мева-сабзавот миқдори кўп.

Форумда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида саноат маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Икки вилоят раҳбарлари томонидан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири