Ўзбекистон тарихи музейида Бобо Наққош асарлари намойиш этилди
Бугун 13 апрель куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон тарихи давлат музейида миллий ва жаҳон санъати уйғунлигини намоён этган муҳим маданий тадбир — “Мероснинг йўлчилари: Бобо Наққош изидан” номли бадиий тўплам тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур нашр ва унга ҳамоҳанг ташкил этилган кўргазма анъанавий тасвирий санъат меросини бугунги талқинлар билан бойитишга қаратилгани билан эътиборлидир.
Ушбу бадиий ташаббус Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлигининг “Яшаётган мерос” бошқармаси кўмагида, таниқли рассом Жале Явуз раҳбарлигида амалга оширилди. Унда Туркия ва Ўзбекистон санъаткорлари иштирок этиб, мумтоз нақш анъаналари замонавий қарашлар билан уйғунлаштирилди.
Тўпламдан ўрин олган асарлар зарҳал безак ва майда тасвир санъати йўналишида ижод қилаётган 32 нафар ижодкор томонидан яратилган. Улар орасида тажрибали рассомлар билан бир қаторда талабалар ва ёш истеъдод эгалари ҳам бор. Бу жараён иштирокчиларга Бобо Наққош услубини амалда ўрганиш, уни қайта талқин қилиш ва янги бадиий ифодалар билан бойитиш имконини берди.
Тўплам саҳифаларида келтирилган маълумотлар Бобо Наққош шахсини янада яққол очиб беради. Манбаларга кўра, у 15 асрда яшаб ижод қилган бўлиб, сарой муҳитида фаолият юритган. Айрим тадқиқотларда унинг номи Султон Меҳмед II давридаги сарой безаклари билан боғланади.
Қайд этилишича, Бобо Наққош нафақат моҳир рассом, балки сарой устахоналари фаолиятини бошқарган “наққошбоши” сифатида ҳам танилган. Унинг ижодий йўли кейинчалик алоҳида услуб сифатида шаклланиб, Шарқ тасвирий санъатида муҳим ўрин эгаллаган ҳамда кейинги авлод ижодкорларига сезиларли таъсир кўрсатган.
Тазҳиб санъатчиси, куратор ва қоғоз реставратори — Айшегул Чеби (Ayşegul Çebi)нинг таъкидлашича, лойиҳа бошида ижодий ёндашувлар турлича бўлгани сабабли айрим тафовутлар юзага келган. Шу боис Бобо Наққош мактабининг асл услубини сақлаб қолиш мақсадида дастлаб беш нафар рассом иштирокида “Мероснинг йўлчилари: Бобо Наққош изидан” номли бадиий тўплам яратилган. Ушбу тўпламда ўша даврга хос услуб имкон қадар асл ҳолича тикланиб, ундаги гул ва нақшлар бирга-бир нусхада қайта ишланган. Шу билан бирга, композиция устида ҳам алоҳида иш олиб борилган, зеро ҳар бир ижодкор ўз ижодий қарашини намоён этиши зарур эди.
Мутахассиснинг қайд этишича, муайян қарама-қаршиликлар, асосан, ранг танлаш жараёнида кузатилган. Негаки, Марказий Осиёда бугунги кунда кўпроқ очиқ ва тўқ рангларнинг кескин уйғунлиги қўлланилади. Айнан шу жиҳат дастлаб маълум қийинчиликлар туғдирган. Бироқ ҳар бир иштирокчи билан босқичма-босқич ишлаш натижасида якунда Бобо Наққош услубини аниқ ва ишончли тарзда тиклашга эришилган.
Тўпламдан ўрин олган асарларни кузатар эканмиз, уларда нақш оддий безак эмас, балки маъно ва фикр ифодаси эканини англаш мумкин.
Асарларда марказдан ёйилиб борувчи доиравий тузилмалар, тартибли шакллар ва такрорланувчи безаклар орқали абадийлик ва узлуксизлик ғояси ифода этилган. Ҳар бир чизиқ ва безак ўзаро боғланиб, ягона уйғун тузилмани ҳосил қилади.
Ранг танловида оч жигарранг, қум ранги ҳамда мулойим туслар устунлик қилади. Бундай ранглар асарларга сокинлик, осойишталик ва ички уйғунлик бағишлайди. Нозик чизиқлар, бир-бирига уланиб кетган гулсимон шакллар эса бадиий оҳангдорликни кучайтиради.
Баъзи асарларда ёзув ва безак уйғунлиги алоҳида ажралиб туради. Бу эса тасвир ва сўз бирлашганда мазмун янада чуқурлашишини кўрсатади. Шунингдек, айрим саҳифаларда қадимий намуналар ва уларнинг қайта тикланган кўринишлари берилгани томошабинга ўтмиш ва бугун ўртасидаги боғлиқликни ҳис этиш имконини яратади.
Мазкур тўпламдаги асарлар ўзбек амалий санъатига яқин бўлса-да, айрим жиҳатлари билан фарқланади.
Ўзбек нақш санъатида кўпроқ эркинлик, рангларнинг жонлилиги ва миллий руҳ сезилса, бу тўпламдаги ишларда тартиб-интизом, аниқ ҳисоб-китоб ва уйғунликка алоҳида эътибор қаратилган. Безакдаги ҳар бир унсур пухта ўйланган ва ўз ўрнига эга.
Бу эса Бобо Наққош мактабининг ўзига хос жиҳатини — тартибли, чуқур ўйланган ва маънога бой ёндашувни намоён этади.
Мазкур бадиий тўплам бой тарихий меросни қайта кашф этиш, уни кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда бугунги санъатдаги аксини кўрсатишга хизмат қилади. Шу билан бирга, у ёш ижодкорлар учун ҳам муҳим ўқув ва илҳом манбаи ҳисобланади.
Тадбир давомида ушбу ишга ҳисса қўшган рассомлар, тадқиқотчилар ва ҳамкор ташкилотларга миннатдорчилик билдирилди.
Эртага 14 апрель — кўргазманинг охирги куни.
М.Эшмирзаева, О.Давронов, ЎзА