“Турон” мактаб театри танловида бойсунликлар ғолиб бўлди
Термиз шаҳридаги Санъат саройида “Турон” мактаб театри танловининг Сурхондарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда танловнинг туман ва Термиз шаҳри босқичида ғолиб бўлган 15 та жамоа ўзаро беллашиб, ўз маҳоратини намойиш этди. Таниқли санъаткорлардан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари санъатга меҳр қўйган ўқувчиларнинг бадиий чиқишлари ва кўргазмалари билан танишди. Ҳар бир жамоа ўз таълим муассасасини саҳна кўринишлари орқали намоён этиб, саҳна маданияти ва актёрлик маҳоратини ўзига хос ижодий ёндашувда ёритди.


Танловнинг “Театр – ибратхона” шарти доирасида 15 дақиқагача давом этган тарбиявий аҳамиятга эга саҳна чиқишлари тақдим этилди. Уларда миллий ва жаҳон адабиётининг сара асарларидан фойдаланган ҳолда, ёшлар ўз ижодий салоҳияти, саҳна маҳорати ва бадиий фикрлашини ёрқин ифода этди.

Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган танловда фахрли биринчи ўринни Бойсун туманидаги 1-мактаб жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин Термиз тумани 1-мактаб ва учинчи ўрин Узун туманидаги 2-мактаб жамоаларига насиб этди.

Ғолиблар вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг эсдалик совғалари, барча иштирокчилар бадиий китоблар жамланмалари билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА