Нуриддин Аминжонов – 80 ёшда!
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир ва хонанда Нуриддин Аминжонов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан адабий-ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир миллий адабиёт ва санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган, кўп қиррали ижод соҳиби Нуриддин Аминжоновнинг ҳаёти ва ижодий меросини чуқур ўрганиш, унинг бой тажрибасини кенг жамоатчиликка етказиш, айниқса ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-28717]
Анжуманда эътироф этилганидек, Нуриддин Аминжонов ижодида халқона тил, содда ва тушунарли ифода усули устувор. Мураккаб истиоралардан кўра, инсон қалбига яқин, самимий ҳис-туйғуларни тараннум этишга шоир алоҳида эътибор қаратади.
Нуриддин Аминжонов болаликдан мусиқа ва шеъриятга бўлган чуқур меҳри билан ажралиб турган. Бу иқтидор унинг кейинги ижодий йўлини белгилаб берди. Тошкентдаги Матбаачилар билим юртида таҳсил олган йилларидаёқ у ижодий фаолиятга кириб келди.
Кейинчалик Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олиб, ижод ва таҳрирчилик фаолиятини уйғун ҳолда олиб борди.
Ижодкор ўз фаолиятини Ўзбек давлат филармониясининг ашула ва рақс ансамблида бошлаб, кейинчалик Ўзбекистон Радиоэшиттириш ва телевидениеси тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилди. У ерда у мусиқий эшиттиришлар муҳаррири сифатида нафақат мазмунли дастурлар тайёрлади, балки республика бўйлаб кўплаб истеъдодли ёшларни кашф этишга катта ҳисса қўшди.
Айниқса, унинг ташаббуси билан ташкил этилган “Танишинг янги овозлар”, “Санъат саодатимдир”, “Қўшиқ орзум менинг” каби кўрик-танловлар ва “Ўзбекистон куйлагай” радиофестивали миллий санъатимиз тарихида муҳим ўрин тутади. Ушбу лойиҳалар орқали юзлаб ёш ижодкорлар катта саҳнага йўл олди.
Нуриддин Аминжонов нафақат ижрочи ва шоир, балки халқ ижодиёти тарғиботчиси сифатида ҳам катта ишлар қилди. У фольклор ва бахшичилик санъатини ривожлантириш, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказиш борасида самарали фаолият олиб борди. Шунингдек, у кўп йиллар давомида халқ оғзаки ижоди намуналарини тўплаш ва ёзиб олиш билан шуғулланиб, ноёб ижодий архив яратди.
Ижодкорнинг адабий мероси ҳам салмоқли бўлиб, у бир қатор шеърий тўпламлар муаллифи. Жумладан, “Дилхирож”, “Айла табассум”, “Интизор кутдим”, “Армонли дунё”, “Қўшиқда кўраман оламни”, “Кўнглимнинг суврати”, “Йиллар қўшиғи”, “Шукрона”, “Изҳори дил”, “Асрларга йўлдош Навоий” каби асарлари кенг китобхонлар оммаси томонидан илиқ кутиб олинган.
Унинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. Жумладан, у “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” (2016), “Маданият ва санъат фидокори” (2020), “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони (2023) ҳамда бошқа қатор мукофот ва унвонларга сазовор бўлган.
Бугунги кунда Нуриддин Аминжонов Ўзбек миллий мақом санъати марказининг “Устоз-шогирд мактаби”да фаолият юритиб, ёш ижодкорларга миллий ижро анъаналари, саҳна маданияти ва бадиий матн талқини сирларини ўргатиб келмоқда.
Тадбир доирасида ижодкорнинг ҳаёти ва ижодий мероси ҳақида маърузалар, унинг шеърлари ва қўшиқларидан намуналар, санъат ва адабиёт намояндалари иштирокида хотира ва мулоҳазалар, ёш ижодкорлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди.
Мазкур ижодий учрашув адабиёт ва санъат ихлосмандлари, кенг жамоатчилик, талабалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда барча қизиқувчилар учун очиқ бўлиб, у миллий маданиятимизнинг ёрқин намояндаларидан бирига бўлган эҳтиром ифодаси сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Анжуман якунида ижодкорга Ёзувчилар уюшмаси ҳамда меҳмонларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Н.Усмонова, О.Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари