Ўзбекистон–Сурия бизнес форуми бўлиб ўтди (+видео)
Сурия Араб Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазири Муҳаммад Нидал аш-Шаар бошчилигидаги расмий ва 30 дан ортиқ йирик компаниялар вакилларидан иборат ишбилармонлар делегацияси мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлди.
Ташриф доирасида меҳмонлар Ўзбекистоннинг қатор йирик саноат корхоналари фаолияти, ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт салоҳияти билан яқиндан танишдилар.
Кун тартибидаги асосий воқеа — Тошкент шаҳрида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов иштирок этган Ўзбекистон–Сурия бизнес форуми ва Б2Б учрашувлар бўлди. Унда икки мамлакатнинг саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, логистика, қурилиш ва туризм соҳаларида фаолият юритувчи 200 га яқин тадбиркорлари қатнашди.
Форум доирасида Иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги бўйича қўшма қўмита тузиш тўғрисидаги меморандум имзоланиб, Бизнес кенгаш ташкил этилди. Шунингдек, Ҳалаб шаҳрида Ўзбекистоннинг Савдо уйи фаолиятини йўлга қўйиш, ўзаро кўргазмалар ўтказиш ҳамда янги савдо йўналишларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди. Б2Б форматдаги учрашувларда эса ишбилармонлар аниқ шартномалар тузиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан келишиб олдилар.
Зиёвуддин Нуриддинов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА