2024 йил 21 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Дастлаб сенаторлар “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, ушбу қонуннинг мақсади ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонун билан ер участкаси ва унда қурилган иморатга бўлган ҳуқуқни, шунингдек, якка тартибдаги уй-жой қурилган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этишнинг аниқ тартиблари белгиланмоқда.
Ўз навбатида, сенаторлар қонуннинг мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб, ҳуқуқларни эътироф этиш борасида тегишли асослар белгиланаётганлигини айтиб ўтди.
Жумладан, ортиқча эгалланган ер участкасига, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудида жойлашган турар жойлар эгаллаган ер участкасига, кичик саноат зоналари ҳудудидаги ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш асослари белгиланмоқда.
Бундан ташқари, қонунга ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга тааллуқли маълумотлар ва ҳужжатлар автоматлаштирилган ахборот тизими орқали белгиланган босқичларда киритилиши назарда тутилмоқда.
Муҳокама давомида сенаторлар томонидан қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқини ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқининг эътироф этилишига ва бу орқали аҳолининг ижтимоий, иқтисодий ҳамда ушбу бино ва иншоотларни коммунал тармоқларга улаш бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда юзага келаётган муаммоларининг ҳал этилишига имкон бериши таъкидланди.
Муҳокама якунида мазкур қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиши муносабати билан кредит ташкилотлари ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлашга доир чоралар даражасини ошириш зарурати юзага келмоқда.
Мазкур қонунга асосан кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари, валюта биржалари, кредит бюролари томонидан хавфсизлик ва киберхавфсизлик таҳдидларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш чораларини кўриш бўйича Марказий банкка қўшимча ваколатлар белгиланмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, “Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Банк сири тўғрисида”ги, “Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги ва “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги қонунларга киберхавфсизликни таъминлашга оид меъёрлар киритилмоқда.
Қонун билан банк ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қонунчилик талабларининг бузилганлиги ҳолати қўпол қоидабузарликлар қаторига киритилмоқда.
Бундан ташқари, банкларнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини ҳамда киберхавфсизлигини таъминлаш ва банк сирини муҳофаза қилиш каби қўшимча мақсадлар қонунда акс эттирилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши кредит ва нобанк кредит ташкилотлари фаолиятида ҳамда электрон ҳукумат тизимида ахборот хавфсизлигини кучайтиришга, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни миллий қонунчиликка изчил имплементация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидланганидек, ногиронлиги бўлган шахсларга бошқа фуқаролар билан тенг равишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириш имкониятини берувчи қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик янада такомиллаштирилмоқда.
Ушбу қонун билан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунга ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланиш, сайлаш ва сайланиш, референдумда иштирок этиш, шунингдек, таълим олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга асосан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун ногиронлиги бўлган шахслар билан мулоқот қилиш учун қулай мулоқот шаклларини, шунингдек, ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг уларга монеликсиз кириши учун мослаштириш асосларини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонун инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида “Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларига интеллектуал фаолият натижаларини жорий этиш механизмларини такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда уларнинг қўшимча қиймат билан реализация қилинишини таъминлаш мақсадида интеллектуал мулкни ишончли тарзда ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал фаолияти натижасида яратилган мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш, жамиятда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш ҳамда фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан манфаатдорлигини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни қонунчиликда мустаҳкамлаш зарурияти юзага келмоқда. Бундан ташқари, интеллектуал мулкнинг таъсирчан ҳуқуқий механизмлар билан ҳимоя қилинишини таъминлаш ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун қонунчиликни такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш заруратини юзага келтирмоқда.
Ушбу ҳужжат билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгасининг талабига кўра ҳуқуқбузар томонидан товон тўлаш тартиб-таомили жорий этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, патент эгаси ўзининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда саноат мулки объектидан фойдаланаётган шахсдан зарарларнинг қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилиши мумкин. Бунда товон зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусиятидан ва патент эгасининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда саноат мулки объектидан фойдаланаётган шахснинг айби даражасидан келиб чиқиб, иш муомаласи одатлари ҳисобга олинган ҳолда тўланади. Товон миқдори тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки суд томонидан белгиланади.
[gallery-17945]
Таъкидлангандек, қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг сифатини оширишга, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар сонининг камайишига ҳамда интеллектуал мулкнинг ҳимоя қилинишини кучайтиришга ва рақамли муҳитда ижодий фаолиятга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин ялпи мажлисда “Юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмалари ташкилотларини ҳисобга қўйиш тартиби белгиланаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда касаба уюшмалари ташкилотлари ишининг самарадорлигини оширишга, улар аъзоларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, шунингдек, касаба уюшмалари ташкилотларининг фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий базани ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга амалиётда юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан банк ҳисобварақларини очиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлиб, бунинг учун солиқ тўловчининг идентификация рақами олиниши тақозо этилади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмаларига ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларига солиқ тўловчининг идентификация рақами берилишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Бундан ташқари, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмалари бўлинмаларининг ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг адлия органларида ҳисобга қўйилиши мумкинлигини ва ушбу тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонун юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан молиявий фаолиятнинг тўлақонли амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг ёки психотроп моддаларнинг, шунингдек, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг ва психотроп моддаларнинг, шунингдек, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши курашиш бўйича тизимли чоралар амалга оширилмоқда.
Маълумки, бугунги кунда вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда ҳамда телекоммуникация тармоқларидан ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш орқали гиёҳвандлик воситаларининг, улар аналогларининг ва психотроп моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи ортиб бораётганлиги муносабати билан ушбу ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда.
Шу билан бирга гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни, шунингдек, кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда тарғиб қилувчи материалларни тарқатганлик ёки реклама қилганлик учун одиллик принципига мувофиқ жазо чораларини қўллаш мақсадида мазкур турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу ҳужжат билан гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни телекоммуникация тармоқларидан ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш орқали қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик, ушбу жиноятларни вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда олганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёки жўнатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Сенаторлар таъкидлашича, мазкур қонун гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни, шунингдек кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни тарғиб ёки реклама қилишнинг ҳамда уларнинг қонунга хилоф муомаласини олдини олишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, ялпи мажлисда “Товар белгилари бўйича қонунлар тўғрисидаги Сингапур шартномасини (Сингапур, 2006 йил 27 март) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Сингапур шартномасининг мақсади ушбу соҳада барча мамлакатларда ва минтақавий ташкилотларда фаолият юритувчи товар белгиларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимидан фойдаланувчиларга қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Мазкур ҳужжат 2006 йил 27 мартда қабул қилинган бўлиб, ҳозирги вақтда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатлари унинг иштирокчилари ҳисобланади.
Муҳокама чоғида халқаро ҳужжатда товар белгиларига талабномаларни рўйхатдан ўтказиш ва топшириш тартиби, лицензия шартномалари ва бошқа ҳужжатларга ўзгартиришлар киритишнинг ўзига хос хусусиятлари, товар белгисини рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш муддати ва бошқа қоидалар белгилангани таъкидланди.
Қонунда Сингапур шартномаси 29-моддасининг 4-банди бўйича ҳуқуқлар бузилганида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга доир ҳар қандай ҳуқуқ Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ лицензиатга берилиши учун шарт сифатида лицензиянинг рўйхатдан ўтказилишини талаб қилишга оид қўшимча шарт инобатга олинган ҳолда ратификация қилиш назарда тутилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, шартноманинг ратификация қилиниши товар белгисига оид ҳуқуқнинг миллий тизимларини маъмурий тартиб-таомиллар нуқтаи назаридан уйғунлаштиради.
Шунингдек, қонуннинг қабул қилиниши муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириши йўлида муҳим қадам бўлади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Маълумки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 95- ҳамда 109-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимига номзод Президент томонидан тақдим этилади ва Сенат ялпи мажлисида сенаторлар томонидан кўриб чиқилади.
Шунга асосан Сенатнинг 53-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимига янги муддатга тақдим этилган Ниғматулла Тўлқинович Йўлдошевнинг номзоди кўриб чиқилди ҳамда маъқулланди.
Шундан сўнг Сенатнинг 53-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раисини сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 95-моддаси ҳамда 109-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Сенат томонидан сайланади.
Сенаторлар мазкур масала юзасидан ўз муносабатларини билдирди ҳамда Ҳалилилло Собиржонович Тўрахўжаев Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси лавозимига сайланди.
Ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик учинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати