Фарғонада Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқованинг “Ватанга бахшида умр” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муротованинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилинади.
Ижодкорлар, зиёлилар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этган тақдимотда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ замонамиз қаҳрамонлари ҳақидаги бу каби асарлар халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод қалбида фахр-ифтихор туйғуларини шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Оддий қишлоқ аёли Лолахон Муротова ўзининг қирқ йилдан ортиқ давр мобайнида бой тажрибаси, бутун билими ва куч-ғайратини диёримиз ободлиги ҳамда элимиз фаровонлигига сафарбар этиб келмоқда. Жонкуяр, камтар ва оқила ўзбек аёли сифатида ёш авлод ва бутун мамлакатимиз хотин-қизлари учун чинакам ўрнак ва намуна бўлаётир.
[gallery-1190]
Лолахон Муротова ҳеч бир муболағасиз, деҳқончилик илми академигидир. Шу боис ҳар бир нафаси, қараши, ҳатти-ҳаракатида ғайрат-шижоати барқ уриб турадиган фидойи замондошимизнинг қадди-камолига боқиб, янги Ўзбекистоннинг ғурур ва ифтихорининг жонли тимсолини кўргандек бўламиз. Фермерликдан эл аро ҳурмат топган бу самимий, тантилик барқ урган чеҳрадаги чизиқларда илк бор чигит унган кунлар, пахта гули очилган тонглар, пахтазорлар кўркининг ажиб намуналари акс этгандек гўё.
Энахон Сиддиқованинг мазкур асари қалб амри билан қоғозга туширилган лиро-эпик қиссадир. Асарда Ўзбекистон Қаҳрамонининг камтарона, аммо шонли умр йўли маҳорат билан талқин этилган. Мазкур асарни ўқиган киши фермер аёлнинг сиймосини бошқатдан кашф этади.
Китоб тақдимотида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА