Ўзбекистон-Португалия: Жаҳон футболида Ўзбекистон “имзо”си
Бугун, 23 июнь куни футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги иккинчи ўйинини Португалия терма жамоасига қарши ўтказади. Кеча мазкур ўйин олдидан Ўзбекистон ва Португалия терма жамоалари бош мураббийлари иштирокида матбуот анжуманлари ташкил этилди.
Хусусан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида Португалия мазкур Жаҳон чемпионатидаги энг кучли жамоалардан бири эканини, ушбу жамоанинг қанотларда жуда кучли футболчилари борлигини, дунёнинг энг яхши ярим ҳимоя чизиқларидан бирига эгалигини билдириб ўтди.
- Жаҳон чемпионатида ҳаракат ва меҳнат орқали натижага эришилади. Биз Португалиянинг футбол фалсафасини ўрганишга ҳаракат қилдик. Улар доимо тўп назорати орқали ўйинни бошқаришни ёқтиради. Учрашувни жуда фаол бошлашга интилишларини ҳам биламиз. Шундан келиб чиқиб биз ҳам бунга тайёргарлик кўрдик, деб ўйлайман. Ўз режамиз ва стратегиямиз бор ва майдонда айнан ўз ўйинимизни намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Футбол шундай ўйин. Биз жуда кучли жамоага қарши майдонга тушаётганимизни биламиз, аммо аввал ҳам айтганимдек, биз бундан қўрқмаймиз. Аввал ҳам айтганимдек, биз фақат Криштиануга қарши ўйнамаймиз. У футбол тарихидаги энг буюк футболчилардан бири. Бироқ Португалия фақат Роналдудан иборат эмас. Уларнинг асосий таркибида ҳам, захирасида ҳам жуда кўп юқори савияли футболчилар бор.

Ўзбекистон терма жамоасига келганимдан буён асосий эътиборни футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга қаратдим. Айрим футболчилар турли чемпионатларда ўйнаган, баъзиларида эса маълум муаммолар мавжуд эди. Шунга қарамай, сўнгги ўйин давомида футболчиларнинг ҳолати яхши эканини кўрдим.
Статистикаларни таҳлил қилиш осон эмас. Масалан, тўпнинг ҳаракат тезлигига қарасангиз, футболчиларнинг техник маҳорати қанчалик юқори эканини тушунишингиз мумкин.

Португалия ўйин амалиёти бўйича статистикаси кўп жиҳатлар бўйича юқори даражадаги термалардан бири саналади. Бундай профессионал жамоага қарши туриш, унинг шиддатини қайтариш, қарши ҳужумга ўтиш ўз-ўзидан бўлмайди. Шу жиҳатдан, майдонда натижага эришиш учун кўп югуриш эмас, тўпни йўқотмаслик ва уни қаерда қайтариб олишни билиш муҳим омил ҳисобланади, - дея таъкидлади мураббий Фабио Каннаваро.
Албатта, ўйин олдидан фикрлар, муносабатлар, башоратлар турлича бўлиши, талқинлар ҳар хил ракурсларда янграши табиий. Лекин бу - футбол. Унда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
Муҳими, терма жамоамиз ўз ўйин услубини намойиш этган ҳолда Жаҳон чемпионатининг яшил майдонларига, уни катта ҳаяжон билан кузатаётган дунёнинг миллионлаб футболсеварлар қалбига ўзбекнинг, янги Ўзбекистоннинг, қолаверса Марказий Осиёнинг “имзо”сини қўйса бас. Биз бунга ишонганмиз. Зеро, муваффақият, ёруғ йўллар сари ташланадиган ҳар қандай қадам, энг аввало ишонч ва умиддан бошланади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА