Ўзбекистон–Польша ҳамкорлиги: олий таълим ва фан соҳасида янги имкониятлар
“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи университетлари конгресси” доирасида Ўзбекистон ва Польша ўртасида олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Илҳом Сирожев, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Польша Республикаси фан ва олий таълим вазири Марцин Куласек иштирок этди.

Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги олий таълим, илмий тадқиқотлар ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар университетлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳамда академик алмашинувларни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Илҳом Сирожев ўз сўзида Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги муносабатлар узоқ тарихий илдизларга эга эканини таъкидлаб, бугунги ҳамкорлик ана шу анъаналарнинг давоми эканини қайд этди. Шу билан бирга, у мамлакатимизда инсон капитали ривожи, таълим сифати ва инновацион тараққиётни кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида айтиб ўтди.

Польша Республикаси фан ва олий таълим вазири Марцин Куласек Ўзбекистон билан академик ҳамкорликни юқори баҳолади, ушбу конгресс икки минтақа ўртасида амалий шерикликни мустаҳкамлаш учун муҳим платформа эканини билдирди. У Польша университетлари Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари, илмий консорциумлар ва инновацион лойиҳаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Қўнғиротбой Шарипов ўз нутқида касбий таълим соҳасида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш муҳим эканини алоҳида таъкидлади. У замонавий меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлашда касбий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик, дуал таълим тизимини жорий этиш, иш берувчилар иштирокини кенгайтириш, ўқув дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаш каби масалалар муҳимлигини айтди.
Учрашув якунида томонлар таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА