Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Покистон: тарихий муштаракликдан стратегик шериклик сари

Муносабат

Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Ушбу ҳамкорликнинг илдизлари чуқур тарихий ва маданий муштаракликка бориб тақалади.

Хусусан, буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур мероси, ислом цивилизацияси, илм-фан ва маданият соҳасидаги умумий қадриятлар халқларимизни асрлар давомида яқинлаштириб келган. 1991 йилда Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилганидан сўнг, Покистон унинг давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган мамлакатлардан бири сифатида ҳам тарихга кирган.

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган очиқ, прагматик ва қўшни минтақалар билан яқин ҳамкорликка қаратилган ташқи сиёсат доирасида Ўзбекистон – Покистон муносабатлари жадал ривожланди. Сиёсий мулоқот фаоллашди, парламентлараро ва идоралараро алоқалар мустаҳкамланди, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш муҳити шаклланди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, жорий йил 5-6 февраль кунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Исломободга давлат ташрифи юқори даражадаги эҳтиром ва самимият муҳитида ўтди. Халқаро таҳлилчи ва экспертлар таъкидлаганидек, Покистон ҳаво ҳудудида Ўзбекистон раҳбарининг самолётини ҳарбий қирувчи учоқлар кузатиб бориши, “Нурхон” аэропортида эса Президент Асиф Али Зардорий, Бош вазир Шаҳбоз Шариф томонидан кутиб олиниши ташрифга берилган юксак сиёсий аҳамиятни яққол намоён этди.

Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар, Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши, қатор учрашувлар ва бизнес тадбирлари ўтказилди. Бу эса Ўзбекистон – Покистон муносабатлари эндиликда эпизодик эмас, балки институционал ва тизимли тус олаётганидан далолат беради.

Жумладан, давлат ташрифининг энг муҳим натижаларидан бири савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилганидир. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми қарийб 500 миллион долларга етган. Ҳозирда Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги 230 га яқин корхона фаолият юритмоқда.

Энг муҳими, яқин келажакда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилди. Бу фақат рақам эмас, балки икки мамлакат иқтисодиётларининг ўзаро интеграцияси, бозорларнинг очилиши ва янги қўшча қиймат занжирларининг шаклланиши демакдир.

Ташрифга тайёргарлик жараёнида қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, электротехника, геология, озиқ-овқат саноати каби соҳаларда 3,5 миллиард долларлик қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилди. Бу лойиҳалар нафақат икки мамлакат иқтисодиёти, балки бутун Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси тараққиётига хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.

Қолаверса, Ўзбекистон учун Покистон геоиқтисодий жиҳатдан жуда муҳим ҳамкор ҳисобланади. Сабаби, Покистон портлари орқали жаҳон бозорларига чиқиш имконияти Марказий Осиё давлатлари учун стратегик аҳамиятга эга.

Шу нуқтаи назардан, Трансафғон темир йўли лойиҳасини жадаллаштириш, “Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” транспорт йўлагини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Лаҳор ва Исломободга тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши, Карачига юк рейсларининг очилиши савдо харажатларини камайтириш ва бизнес учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.

Шунингдек, ташриф доирасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам устувор йўналиш сифатида белгилаб олинди. Ўзбекистон – Покистон ҳудудлараро форумини ташкил этиш, унинг биринчи йиғилишини Хоразм вилоятида ўтказиш режалаштирилди. Бу ташаббус иқтисодий ҳамкорликни жойларда амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилади.

Маданий-гуманитар соҳада ҳам муҳим келишувларга эришилди. Покистонда Ўзбекистон маданияти ҳафталиклари ва кино кунларини ўтказиш, Лаҳорда Бобурийлар меросига бағишланган қўшма маданият марказини ташкил этиш режалари халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди.

Исломободдаги кўчалардан бирига Тошкент номи берилиши ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги боғни барпо этиш тўғрисидаги қарорлар эса ушбу муносабатларнинг рамзий ифодаси сифатида тарихга кирди.

“Айвони Садр” қароргоҳида бўлиб ўтган тантанали маросимда Президент Асиф Али Зардорий давлатимиз раҳбарига Покистоннинг олий давлат мукофоти – “Нишони Покистон” орденини топширди. Ушбу нуфузли мукофот Ўзбекистон – Покистон ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш борасидаги улкан саъй-ҳаракатларнинг эътирофи сифатида баҳоланди.

Шунингдек, Исломободдаги Миллий фан ва технологиялар университети томонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевга фахрий доктор ва профессор илмий унвонлари берилди. Бу эса, давлатимиз раҳбарининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, таълим, фан ва инновацияларни ривожлантириш, халқаро академик ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссасининг халқаро даражада тан олинганидан далолат беради.

Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи Ўзбекистон – Покистон муносабатларини мазмун жиҳатидан янги, стратегик босқичга олиб чиқди. Имзоланган 30 га яқин ҳужжат, йирик инвестиция лойиҳалари, транспорт-логистика ташаббуслари ва маданий-гуманитар дастурлар икки мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига хизмат қилади.

Энг муҳими, бу ҳамкорлик фақат икки давлат билан чекланиб қолмай, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, тинчлик, барқарорлик ва умумий тараққиётга хизмат қилади. Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклиги ана шундай кенг минтақавий уфқларга эга бўлган, келажакка қаратилган ҳамкорлик намунаси сифатида шаклланмоқда.

Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси,

Юнусобод туманидаги 50-оилавий поликлиника мудири.

ЎзА