Ўзбекистон – Покистон: Тарихий яқинликдан стратегик шерикликкача
Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турган Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари бугун тарихий хотира ёки географик яқинлик доирасидан чиқиб, аниқ манфаат ва қатъий сиёсий иродага асосланган стратегик шериклик босқичига кўтарилмоқда. Қуйидаги таҳлилий мақолада мазкур ҳамкорликнинг сиёсий, иқтисодий ва минтақавий ўлчами Тошкент давлат шарқшунослик университети таянч докторанти Муқаддас Ҳожимуродова фикрлари асосида тайёрланди.
– Ўзбекистон ва Покистон алоқалари бугунги кунда стратегик шериклик йўналишида сезиларли даражада ривожланмоқда. Хусусан, сиёсий, иқтисодий ва минтақавий интеграция борасида аниқ қадамлар қўйилмоқда. Таъкидлаш жоиз, ушбу муносабатлар мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан изчил давом этмоқда. Зеро, ҳар икки давлат муштарак манфаатларга эга.
Ўхшаш тарихий жараённи бошдан кечиргани бу икки давлатни табиий равишда бир-бирига яқинлаштирган. Покистон ҳам Ўзбекистон каби асосан мусулмонлар яшайдиган мамлакат. Қадимдан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида савдо-иқтисодий алоқа мавжуд бўлган, тарихдаги йирик империялар ва сулолалар даврида ҳам ўзаро муносабат гуркираб ривожланган.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Покистон халқаро майдонда фаол ташқи сиёсат юритиб, тинчлик ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаб, адолатли халқаро тартибот тарафдори сифатида намоён бўлмоқда. Икки давлат яқинда имзоланган тинчлик ташаббуслари доирасида иштирок этаётгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Ўзбекистон денгизга чиқиш имкониятини кенгайтириш учун Покистон билан стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириши долзарб. Айни пайт Покистон учун Ўзбекистон орқали Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига кириб келиш ва савдо-иқтисодий алоқаларни шимолий йўналишда кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳар икки давлат транзит савдо алоқаларини яхшилашни устувор мақсад сифатида белгилаган. Бу Ўзбекистон учун Жанубий Осиё бозорларига кириш имкониятини оширса, Покистон учун Марказий Осиё билан савдони фаоллаштиради.
Айниқса Транс-Афғон темир йўли жуда муҳим лойиҳа ҳисобланади. Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ кун тартибига қўйилган бўлса-да, ушбу режани амалга ошириш йўлида турли сиёсий ва хавфсизликка оид тўсиқлар мавжуд эди. Бугун ҳам муайян қийинчиликлар сақланиб қолганини ҳар икки томон тан олади. Бинобарин, энг муҳим жиҳат – асрий ғояга умумий содиқлик, эзгу мақсадни амалга ошириш борасидаги қатъий сиёсий ирода намоён бўлаётгани.
Салоҳияти йил сайин ортиб бораётган Ўзбекистон барқарор иқтисодий ривожланиш йўлига чиққани, ўта фаол ташқи сиёсат юритаётгани мураккабликларни енгиб ўтиш эҳтимоли юқорилигидан далолат. Шу нуқтаи назардан мамлакатимиз саъй-ҳаракатлари Афғонистоннинг амалдаги ҳокимияти ва Покистон ўртасида ўзаро тушунмовчиликларни юмшатиш, яхши қўшничилик ҳамда иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари ҳақида гап кетганда, кўпинча савдо, иқтисодиёт ва транзит масалаларига кўпроқ эътибор қаратилади. Шу билан бирга халқаро платформаларда ўзаро сиёсий-дипломатик қўллаб-қувватлаш, туризм, таълим ва маданият соҳаларидаги шериклик имкониятини кенгайтириш мумкин. Бугунги глобал ўзгаришлар, халқаро муносабатлар тизимидаги эврилишлар шароитида давлатларимиз учун адолатли халқаро тартибот йўлида бирга қадам ташлаш ниҳоятда муҳим.
Қайд этиш зарур, турли даражадаги ўзаро ташрифлар ва мулоқотлар нафақат икки давлат ва халқни, балки бутун минтақаларни бир-бирига яқинлаштиради. Энг муҳими, бундай алоқалар узоқ муддатли, ҳам иқтисодий, ҳам маънавий жиҳатдан ўзаро манфаатли экани аниқ.
ЎзА мухбири Мусулмон Зиё тайёрлади.