Ўзбекистон – Ўмон: 500 миллион долларлик савдо мақсадига эришиш имконияти қандай?
Ўзбекистон ва Ўмон иқтисодий муносабати кейинги йилларда янгича мазмун касб этмоқда. Ҳозирча ўзаро товар айирбошлаш миқдори камтарона бўлса-да, савдо кўрсаткичи ўсиши, сармоявий лойиҳалар ва транспорт-логистика соҳасидаги ташаббуслар ҳамкорлик учун янги имконият очмоқда. Айниқса, савдо айланмасини 500 миллион долларга етказиш мақсади белгиланиши иқтисодий шерикликни амалий натижа билан бойитиш заруратини юзага келтирган.
15 ноябрь куни Масқатда бўлиб ўтган Ҳукуматлар аро қўшма комиссия олтинчи йиғилишида савдо тўсиғини камайтириш, имтиёзли битим бўйича музокара бошлаш ва истиқболли лойиҳалар илгари суриш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, жами 5 миллиард долларлик 35 га яқин қўшма лойиҳа амалга ошириш режалаштирилди.
Хўш, мавжуд иқтисодий салоҳиятдан қай даражада самарали фойдаланиш мумкин? Ўмон инвестицияси Ўзбекистон саноати учун қандай имконият яратади? ЎзА мухбири Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги “Шарқшунос таҳлилчилар” интеллектуал клуби аъзоси Шоҳжаҳон Ортиқов билан айни мавзуда суҳбатлашди.
– Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида товар айирбошлаш миқдорини 500 миллион долларга етказиш мақсадига эришиш имконияти қандай?
– Аввало, ўзаро савдо кўрсаткичини мавжуд иқтисодий салоҳият билан бирга баҳолаш керак. 2025 йил маҳсулот ва хизмат айланмаси қиймати 2,3 миллион доллар эди, жорий йил январь - сентябрь ойларида бу кўрсаткич 3,3 миллион долларга етди. Нисбат ижобий бўлса-да, белгиланган маррага чиқиш учун ҳозирги суръатнинг ўзи етарли эмас. Маҳсулот турини кўпайтириш, янги бозор сегментини ўзлаштириш ва тадбиркорлар ўртасида бевосита алоқани кучайтириш зарур. Мамлакатимизнинг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти Ўмонда муайян қизиқиш уйғотади. Тўқимачилик, озиқ-овқат, мева-сабзавот, фармацевтика ва кимё саноати бу борада истиқболли йўналишлар ҳисобланади. Ўмоннинг инвестициявий имконияти, логистика инфратузилмаси ва халқаро бозор билан алоқа ишлаб чиқарувчиларимиз учун янги имконият яратади. Шу маънода Ҳукуматлар аро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши муҳим аҳамиятга эга. Савдо тўсиғини камайтириш ва имтиёзли савдо битими бўйича музокара бошлаш ташаббуси иқтисодий муносабатни ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин. Менимча 500 миллион долларлик мақсадга эришиш учун фақат товар айирбошлашни кўпайтириш эмас, балки қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам лозим. Бундай ҳамкорлик икки мамлакат бозорида мавқени мустаҳкамлаш билан бирга учинчи давлатларга маҳсулот етказиб бериш салоҳиятини ҳам оширади.
– Икки мамлакат ўртасида янги қўшма лойиҳалар амалга ошириш жараёнида Ўмон сармоясини республикамиз иқтисодиётининг қайси тармоқларига йўналтириш яхши самара беради?
– Бу ташаббуслар ҳамкорлик фақат савдо билан чекланмаслигини кўрсатади. Шериклик ишлаб чиқариш қувватини ошириш, янги технология жалб қилиш ва қўшимча қиймат яратадиган маҳсулот ишлаб чиқаришга замин ҳозирлайди. Айниқса энергетика, геология, фармацевтика, озиқ-овқат, тўқимачилик ва кимё саноати каби йўналишлар истиқболли ҳисобланади. Масалан, тўқимачилик соҳасида хом ашё ва ишлаб чиқариш имкониятимизни Ўмон сармояси ва ташқи бозорга чиқиш салоҳияти билан уйғунлаштириш мумкин. Фармацевтика ва озиқ-овқат саноатида эса замонавий ишлаб чиқариш технологияси, сифат стандарти ва маҳсулотни халқаро бозорга олиб чиқиш йўлида ишлаш керак. Айни жараёнда 2010 йил ташкил этилган Ўзбекистон – Ўмон инвестиция компанияси алоҳида ўрин тутади. Мазкур тузилма иштирокида иқтисодиётнинг турли тармоқларида жами 231 миллион долларлик 11 лойиҳа молиялаштирилган. Демак, ўзаро инвестициявий шериклик муайян амалий тажрибага эга. Янги лойиҳалар амалга оширишда иқтисодий самарадорлик, маҳаллий ишлаб чиқаришга қўшиладиган ҳисса ва экспорт имкониятини аниқ баҳолаш зарур. Сармоя фақат молиявий ресурс эмас, балки технология, бошқарув тажрибаси ва янги бозорга чиқиш воситаси вазифасини ҳам бажаради. Шу нуқтаи назардан режалаштирилган лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш, натижадорликни таъминлаш ва маҳаллий корхоналар билан уйғунликни кучайтириш муҳим.
– Ўмоннинг Соҳар, Дуқм ва Салала портлари, шунингдек Тошкент – Масқат ҳаво қатнови йўлга қўйилиши иқтисодий алоқа ривожига қай даражада туртки беради?
– Транспорт-логистика имконияти иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисмидир. Ўзбекистон учун денгизга чиқиш ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш, юк ташиш имкониятини кенгайтириш ва янги бозорларни ўзлаштиришни таъминлайди. Ўмоннинг уч йирик порти жойлашуви ва инфратузилмаси билан Форс кўрфази, Жанубий Осиё ва Шарқий Африка бозорига чиқишга кўмаклашди. Бу ўзбекистонлик экспортчилар учун маҳсулот етказиб бериш географиясини кенгайтириш нуқтаи назаридан жуда муҳим. Маълумки, Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон транспорт йўлагини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур йўналиш темир йўл, автомобиль ва денгиз транспорти имкониятини бирлаштириб, мультимодал ташувни йўлга қўйишга замин яратади. Албатта, рақобатбардошликка эришиш транзит тарифи, чегарадан ўтиш тартиби, ташиш муддати ва логистика харажатига ҳам боғлиқ.
Тошкент ва Масқат ўртасида ҳаво қатнови йўлга қўйилиши нафақат ишбилармонлар сафарини енгиллаштиради, балки туризм, хизмат ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқани фаоллаштиради. Умуман, транспорт ва инвестициявий ҳамкорликни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Самарали логистика ишлаб чиқарувчилар учун ташқи бозорга чиқиш харажатини камайтиради, янги инвестиция жалб этиш учун қулай шароит яратади. Хуллас, Ўзбекистон ва Ўмон муносабатида транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни иқтисодий шерикликнинг узвий қисми сифатида кўриш жоиз.
Умуман, икки мамлакат учун бугунги асосий вазифа мавжуд имкониятни аниқ лойиҳалар орқали ўзаро манфаатли иқтисодий натижага айлантиришдан иборат. Шундагина савдо ҳажмини ошириш, сармояни кўпайтириш ва учинчи мамлакатлар бозорига бирга чиқиш бўйича белгиланган мақсад амалий мазмун касб этади.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди. ЎзА