Ўзбекистон – Ўмон: ҳамкорликнинг янги даври ва имкониятлари
Жадал геосиёсий ва геоиқтисодий ўзгаришлар шароитида Марказий Осиё ва Арабистон яримороли давлатлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, янги транспорт йўлакларини шакллантириш, инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш минтақалараро шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун қулай шарт-шароит яратмоқда.
Шу шароитда Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлиги ўртасидаги муносабатлар анъанавий дипломатик мулоқотдан кўп қиррали амалий ҳамкорликка ўтиш билан тавсифланадиган янги босқичга қадам қўймоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган очиқлик ва иқтисодиётни модернизация қилиш сиёсати ушбу яқинлашув учун мустаҳкам асос яратмоқда. Ўз навбатида, Султон Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид раҳбарлигида амалга оширилаётган “Ўмон – 2040” стратегияси саноат, логистика ва туризмни ривожлантириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этишга қаратилган бўлиб, бу икки мамлакатнинг барқарор ривожланиш масалаларига ёндашувлари муштараклигини тасдиқлайди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Ўмон учун Марказий Осиёдаги муҳим иқтисодий шерикка, Ўмон эса Ўзбекистон учун Форс кўрфази минтақасидаги истиқболли логистика ҳамкорига айланиши мумкин. Озиқ-овқат хавфсизлиги, фармацевтика, таълим, ахборот технологиялари ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳам қўшимча имкониятлар мавжуд.
Мавжуд шароитда сиёсий келишувлар ва инвестиция киритиш бўйича ниятларни аниқ, самарали лойиҳаларга айлантириш долзарб вазифага айланмоқда. Ҳукуматлараро қўшма комиссия ушбу жараённи илгари сурувчи асосий куч ва бош мувофиқлаштирувчи сифатида фаолият юритмоқда. Айнан шу ишчи механизм дипломатия ва бизнес ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, эришилган келишувларни амалда рўёбга чиқариш ҳамда икки давлат салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлашга хизмат қилади.
2026 йил сентябрь ойида Масқатда бўлиб ўтган музокаралар ушбу йўналишдаги амалий қадам бўлди. Уларда томонлар Ҳукуматлараро комиссиянинг олтинчи йиғилишига тайёргарлик кўриш, икки томонлама Ишбилармонлар кенгашини тузиш ва қўшма бизнес форумини ўтказиш масалаларини муҳокама қилдилар. Учрашув иштирокчилари устувор лойиҳаларни ҳамда уларнинг амалга оширилишини назорат қилишнинг аниқ механизмларини белгилашга алоҳида эътибор қаратдилар.
Икки давлат иқтисодиётининг стратегик жиҳатдан бир-бирини тўлдириши ўзаро яқинлашувнинг асосий омилларидан бирига айланмоқда. Ўзбекистон катта саноат, аграр, меҳнат ва ресурс салоҳиятига эга бўлса, Ўмон ривожланган порт инфратузилмаси, молиявий ресурслар ва халқаро денгиз савдо йўлларига чиқиш имкониятларига эга.
Сиёсий мулоқот – барқарор шериклик асоси
Ўзбекистон ва Ўмон ўзаро ҳурмат, ишонч, тенг ҳуқуқлилик ва миллий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган муносабатларни ривожлантирмоқда. Юқори ва ҳукуматлараро даражалардаги мунтазам мулоқотлар томонларнинг икки томонлама алоқаларни янги мазмун билан бойитишдан манфаатдор эканини кўрсатади. “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” формати қўшимча имкониятлар очмоқда.
2025 йил бошида Президент Шавкат Мирзиёев Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидийни қабул қилди. Вазир Султон Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг шахсий мактубини етказди. Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий ҳамкорлик, парламентлараро алоқалар, маданий-гуманитар алмашинувлар, шунингдек, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Кейинчалик, йил ўртасида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Президенти Ўмоннинг савдо, саноат ва инвестицияларга кўмаклашиш вазири Қайс бин Муҳаммад ал-Юсуф билан учрашди. Энергетика, геология, озиқ-овқат, тўқимачилик ва кимё саноати, транспорт ҳамда молия соҳаларидаги қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бир йил ўтиб, 2026 йил июнь ойида Президент Шавкат Мирзиёев Ўмон иқтисодиёт вазири Хамис бин Сайф ал-Жабрий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда транспорт, логистика, геология, электрон тижорат ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди. Музокаралар якунида томонлар Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини Масқатда ўтказишга келишиб олдилар.
Натижада сиёсий мулоқот изчил равишда амалий мазмун касб эта бошлади. Бунда аниқ инвестиция лойиҳалари, транспорт йўналишлари ва савдони кенгайтириш механизмларига эътибор қаратилмоқда.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик: ўсиш учун катта салоҳият
Мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ижобий суръатларда ўсмоқда. Бироқ қулай сиёсий шароитларга қарамай, ўзаро савдо ҳажми ҳозирча икки давлатнинг иқтисодий салоҳиятига мос келмаяпти.
Ўзбекистон Ўмон бозорига тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё, электротехника ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини таклиф этиши мумкин. Ўмон эса нефт-кимё маҳсулотлари, саноат материаллари ва ускуналар етказиб бериш, шунингдек, қўшма ишлаб чиқариш занжирларида иштирок этиш имкониятига эга.
Савдо операцияларидан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ўтиш алоҳида аҳамиятга эга. Бу товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва икки мамлакат компанияларининг Марказий Осиё ҳамда Яқин Шарқ бозорларидаги барқарор иштирокини таъминлаш имконини беради.
Жорий йил сентябрь ойининг охирида Масқатда томонлар Преференциал савдо ва инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимни қабул қилиш имкониятини муҳокама қилдилар. Шунингдек, сертификатлаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Ўмоннинг эркин иқтисодий зоналари имкониятларидан фойдаланиш ушбу режаларни амалга оширишнинг самарали воситаси бўлиши мумкин. Бу Ўзбекистон компанияларига экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда Кўрфаз давлатлари, Шарқий Африка ва Жанубий Осиёнинг истиқболли бозорларига чиқиш учун кенг имкониятлар яратади.
Инвестициявий шериклик – икки томонлама муносабатларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи
Ўзбекистон иқтисодиётига Ўмон инвестицияларини жалб этиш мақсадида 2025 йилда Ўзбекистон делегацияси Масқатда йирик компаниялар ва молия тузилмалари билан музокаралар ўтказди. Улар орасида “Oman Investment Authority”, “Suhail Bahwan Group”, “Sohar International Bank”, “Oman Cables”, “Asyad Group” ва “MB Holding” бор. Шунингдек, нефт-кимё, энергетика, тоғ-кон саноати, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, логистика ва туризм каби соҳалардаги лойиҳалар тақдим этилди.
Иқтисодиётнинг турли тармоқларида ўндан ортиқ лойиҳани молиялаштирган “UzOman” Ўзбекистон–Ўмон инвестиция компанияси бу борада муҳим ўрин тутади.
Инвестициявий ҳамкорлик босқичма-босқич тизимли тус олмоқда. У молиялаштириш, технологиялар трансфери, ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва мутахассислар тайёрлашни қамраб олмоқда. Ўмоннинг синов, инспекция ва сертификатлаштириш соҳасидаги етакчи ташкилоти – “Atyab International Services”нинг Ўзбекистонда икки йилдан буён фаолият юритаётган агроозиқ-овқат технологиялари маркази бунга яққол мисолдир.
Транспорт ва логистика: жаҳон бозорларига чиқишнинг янги имкониятлари
Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун транспорт йўналишларини диверсификация қилиш стратегик аҳамиятга эга. Ўмон Ўзбекистоннинг истиқболли логистика ҳамкорига айланиши мумкин. Бу Арабистон денгизи ва Ҳинд океани орқали халқаро йўналишларга чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Марказий Осиёни Арабистон яриморолининг порт инфратузилмаси билан мультимодал ташувлар орқали боғлашни назарда тутувчи “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон” транспорт йўлаги алоҳида аҳамиятга эга.
2026 йил 16 февралда икки мамлакат транспорт идоралари вакиллари Ашхобод битими доирасидаги ҳамкорлик, Салола, Соҳар ва Дуқм портлари орқали ташувларни кенгайтириш ҳамда мультимодал йўналишларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. АҚШ Халқаро савдо маъмурияти маълумотларига кўра, ушбу учта чуқур сувли порт 40 та мамлакатдаги 86 та денгиз транспорти тугуни билан алоқаларни таъминлайди.
Бироқ транспорт ташаббусларини амалда рўёбга чиқариш учун транзит тарифларини келишиш, божхона тартиб-таомилларини такомиллаштириш, ташувларни рақамлаштириш ва логистика операторлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш талаб этилади.
Ўмонни Ўзбекистон учун портларга таянган савдо-логистика тугунларидан бирига, Ўзбекистонни эса Ўмон ва Марказий Осиёни боғловчи бўғинга айлантириш стратегик вазифа ҳисобланади.
Тўғридан-тўғри авиақатновлар – яқинлашув йўлидаги муҳим қадам
Жорий йил ўрталарида Тошкент халқаро аэропортида “Oman Air” авиакомпаниясининг Масқат – Тошкент йўналишидаги илк мунтазам рейси кутиб олинди. Ҳафтасига уч марта мунтазам парвозлар йўлга қўйилди. Тўғридан-тўғри авиақатновларнинг очилиши ишбилармонлик сафарлари, туристик алмашинувлар ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш учун шароит яратмоқда. Бу Ўмон фуқароларининг Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига қизиқишини ошириши ҳамда ўзбекистонликларнинг Ўмонга саёҳат қилиш имкониятларини кенгайтириши мумкин.
Тўғридан-тўғри авиақатновлар иқтисодий ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш учун муҳим инфратузилмавий асос яратмоқда.
Саноат кооперацияси ва “яшил” иқтисодиётнинг янги истиқболлари
Ўзбекистон қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширмоқда. Шунга ўхшаш вазифалар “Ўмон – 2040” стратегиясида ҳам муҳим ўрин тутади.
Жорий йил бошида Ўмон 2026–2030 йилларга мўлжалланган беш йиллик ривожланиш режасини тақдим этди. Унда ўртача йиллик иқтисодий ўсишнинг мақсадли кўрсаткичи қарийб 4 фоиз этиб белгиланган ҳамда кам углеродли ривожланиш моделига ўтиш назарда тутилган.
Шу муносабат билан қуёш ва шамол энергетикаси, сув тежовчи технологиялар, экологик тоза саноат, чиқиндиларни қайта ишлаш ва барқарор қишлоқ хўжалиги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳисобланади. Ўзбекистон учун энергетика инфратузилмаси, энергия сақлаш тизимлари ва сувдан самарали фойдаланишга йўналтирилган инвестициялар муҳим аҳамиятга эга.
Экспертлар баҳосига кўра, “яшил” иқтисодиёт стратегик яқинлашувнинг янги йўналишига айланиши мумкин. У инвестиция ресурслари, саноат салоҳияти ва барқарор ривожланишга бўлган умумий манфаатдорликни бирлаштиради. Ушбу экологик йўналиш рақамли кун тартиби – электрон тижорат, тўлов тизимлари ва логистика платформалари билан узвий равишда тўлдирилмоқда.
Маданий-гуманитар алоқалар – халқлар ўртасидаги дўстлик асоси
Маданий-гуманитар ҳамкорлик Марказий Осиё ва Арабистон яримороли халқларининг бой маънавий мероси ҳамда тарихий алоқаларига таянади. Ушбу анъаналар таълим, фан, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай асос яратади.
Зиёрат ва маданий-маърифий туризм алоҳида салоҳиятга эга. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Термиз меъморий ёдгорликлари ҳамда илмий мероси билан қизиқиш уйғотади. Ўз навбатида, Ўмон тарихий қалъалари, диққатга сазовор табиий масканлари ва ўзига хос маданияти билан сайёҳларни жалб этади.
Туризм ривожи билан бир қаторда гуманитар ҳамкорлик ҳам фаоллашмоқда. Бунда академик алмашинувлар, қўшма таълим дастурлари, илмий конференциялар ва маданият муассасалари ўртасидаги алоқаларга эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили Ўзбекистондан 30 нафар тадбиркор аёл илк бор Масқатдаги бизнес форумида иштирок этиб, икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга ҳисса қўшди.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги муносабатлар сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш учун имкониятлар очаётган сифат жиҳатидан янги босқичга ўтмоқда. Иқтисодий салоҳиятларнинг бир-бирини тўлдириши ва стратегик манфаатларнинг муштараклиги бу борадаги муваффақиятнинг асосий омилидир. Бу қўшма ташаббусларни амалга ошириш орқали Марказий Осиё ва Арабистон яримороли ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш имконини беради.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Ўмон икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қиладиган узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ва кўп қиррали шерикликни шакллантириш учун барча зарур шарт-шароитларга эга.
Дилором Маматқулова,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими.
ЎзА