Ўзбекистон номоддий маданий меросини халқаро рақамли майдонда тарғиб қилишга эътибор кучаймоқда
Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти ҳамда Осиё-Тинч океани минтақасида номоддий маданий мерос муҳофазаси бўйича ЮНЕСКО маркази (ICHCAP) ўртасида Ўзбекистоннинг номоддий маданий меросини рақамлаштириш ва халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган ҳамкорлик лойиҳаси бўйича шартнома имзоланди.
Лойиҳа доирасида ichLinks National Page for Uzbekistan — Ўзбекистон номоддий маданий меросига бағишланган миллий саҳифани яратиш назарда тутилган. Мазкур ташаббус ICHCAP’нинг 30 та давлат номоддий маданий меросига оид ахборот ресурсларини бирлаштирган ichLinks платформаси доирасида амалга оширилади.
Миллий саҳифа орқали Ўзбекистоннинг бой ва ранг-баранг номоддий маданий мероси ягона рақамли маконда тизимли равишда намойиш этилади.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг номоддий маданий мерос элементлари ҳақидаги маълумотларни тўплаш, шакллантириш ва тизимлаштириш, фото ва видеоматериалларни жамлаш, уларни рақамли форматда тайёрлаш ҳамда мазкур платформадаги миллий саҳифага жойлаштириш кўзда тутилган.
Шунингдек, миллий саҳифани ўзбек, инглиз ва корейс тилларида юритиш орқали Ўзбекистон номоддий маданий мероси ҳақидаги ишончли ва тизимлаштирилган маълумотларни халқаро фойдаланувчиларга тақдим этиш, мерос намуналарини кенг тарғиб қилиш ва уларнинг хорижий аудитория учун очиқлигини таъминлаш мақсад қилинган.

Келгусида лойиҳа доирасида тегишли маълумотлар базасини шакллантириш, контентни мунтазам янгилаб бориш, рақамли ресурсларни бошқариш ҳамда Ўзбекистон номоддий маданий меросини халқаро ахборот маконида кенг тарғиб этишга қаратилган қўшма ишларни амалга ошириш режалаштирилган.
Мазкур шартноманинг имзоланиши Ўзбекистон номоддий маданий меросини рақамли муҳитда ҳужжатлаштириш, тизимлаштириш ва халқаро миқёсда оммалаштириш йўлидаги муҳим амалий қадам бўлиб, институт ва ICHCAP ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради.
* * *
Ўзбекистон номоддий маданий меросини рақамли муҳитда ҳужжатлаштириш, тизимлаштириш ва халқаро миқёсда тарғиб қилишга оид ҳамкорлик доирасида Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институтида ICHCAP мутахассислари иштирокида семинар ўтказилди.

Тадбирда ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос бўйича Осиё-Тинч океани минтақаси халқаро ахборот ва тармоқлаш маркази — ICHCAP’нинг Ахборот ва тадқиқот бўлими ходимлари Минжунг Ким ва Сангмоок Парк, шунингдек, Рақамли контентни ривожлантириш гуруҳи ходими Жинсол Сео иштирок этди.

«Номоддий маданий мерос тўғрисидаги ахборотларни халқаро электрон платформаларга жойлаштириш ва тарғиб қилиш» мавзусидаги семинарда лойиҳа концепцияси, уни амалга ошириш механизмлари, иш жараёнининг асосий босқичлари ҳамда халқаро электрон платформаларда номоддий маданий меросга оид маълумотларни самарали тақдим этиш тамойиллари юзасидан тақдимот ўтказилди.

Шунингдек, институт мутахассислари томонидан Ўзбекистон номоддий маданий меросига оид маълумотлар базасини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Этнофольклор экспедициялари давомида мамлакатимиз ҳудудларида тўпланган материаллар асосида тайёрланган видеоматериаллардан намуналар намойиш этилди.
Семинар давомида номоддий маданий мерос намуналарини рақамли шаклда ҳужжатлаштириш, мавжуд материалларни тизимлаштириш ва уларни халқаро аудиторияга тақдим этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф доирасида ICHCAP мутахассислари Ўзбекистондаги турли соҳаларга оид ҳунармандчилик анъаналари, маҳаллий урф-одатлар, анъанавий бозорлар ва маданий масканлар билан ҳам яқиндан танишмоқда.

Лойиҳанинг кейинги босқичларида ICHCAP мутахассисларининг тегишли ташкилот ва муассасалар билан учрашувлари, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Тошкент вилоятларига ташрифлари, шунингдек, номоддий маданий мерос ташувчилари ва амалиётчилари билан мулоқотлари режалаштирилган.
Мазкур семинар Ўзбекистон номоддий маданий меросини халқаро рақамли платформаларда кенг намойиш этиш, мавжуд маълумот ва материалларни тизимлаштириш ҳамда уларни халқаро ахборот маконига олиб чиқиш бўйича амалий ишларнинг муҳим бошланғич босқичи бўлди.
Н.Усмонова,
ЎзА