Ўзбекистон глобал ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Жорий йилнинг 23 апрель куни ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 224-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тарихий ташаббуси – 19 ноябрь санасини Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи бир овоздан маъқулланди. Ушбу ташаббус ҳужжатли меросни асраш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва гуманитар кун тартибини илгари суриш йўлида муҳим қадам бўлди.
Ҳужжатли мерос – қўлёзмалар, архивлар, кутубхона фондлари, аудиовизуал материаллар ва рақамли ёзувлар инсониятнинг жамоавий хотираси ва меросининг муҳим пойдеворидир. У асрлар давомида билимлар, ижодий фаолият натижалари ҳамда жамиятларнинг ўзига хослигини сақлашни таъминлайди. Шунингдек, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, таълимни қўллаб-қувватлаш ва фактларга асосланган сиёсатни ишлаб чиқишга хизмат қилади.
ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг мазкур қарори бир овоздан қабул қилингани алоҳида аҳамиятга эга. Ташаббус дунёнинг барча минтақаларидан бўлган ЮНЕСКОга аъзо 66 та давлат томонидан ҳаммуаллифлик асосида қўллаб-қувватланди. Улар орасида Ташкилот Ижроия кенгашининг 58 нафар аъзосидан 32 таси ҳам бор. Бундай кенг географик ва сиёсий қўллаб-қувватлаш ҳужжатли меросни халқларнинг тарихий хотираси ва маданий ўзига хослигининг асоси сифатида сақлаш муҳимлиги юзасидан умумий тушунча шаклланганини кўрсатади.
ЮНЕСКОнинг белгиланган тартиб-таомилларига мувофиқ, Халқаро ҳужжатли мерос кунини расман эълон қилиш маросими ЮНЕСКО Бош конференциясининг 2027 йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган 44-сессиясида амалга оширилади.
Бугунги кунда дунё ҳужжатли меросни сақлаш борасида мисли кўрилмаган таҳдид ва чақириқларга дуч келмоқда. Булар қаторига технологияларнинг тез эскириши, ресурслар етишмаслиги, иқлим ўзгариши оқибатлари ҳамда табиий офатлар киради. Кўплаб ҳужжатли мерос тўпламлари молиявий ва техник ресурсларнинг чекланганлиги, рақамлаштириш даражасининг пастлиги ҳамда табиий офатлар таъсири сабаб йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилиш маросимида Халқаро ҳужжатли мерос кунини таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу таклифнинг асосий мақсади мазкур муаммоларга жаҳон ҳамжамияти эътиборини жалб қилиш, халқаро ҳамкорликни рағбатлантириш ҳамда архивлар, кутубхоналар ва аудиовизуал коллекцияларни сақлаш ва рақамли трансформация қилиш соҳасида давлатларнинг салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат.
Халқаро кун санаси бежиз танланмаган. Айнан 1992 йил 19 ноябрь куни инсониятнинг ҳужжатли меросини сақлаш бўйича ЮНЕСКОнинг асосий механизми ҳисобланган «Жаҳон хотираси» дастури таъсис этилган.
Ўзбекистон ташаббуси ЮНЕСКОнинг барқарор ва инклюзив билимлар жамиятини шакллантиришга қаратилган стратегик устувор йўналишларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, у ЮНЕСКОнинг 2015 йилда қабул қилинган ҳужжатли меросни сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича Тавсияларини амалга оширишга хизмат қилади ҳамда «Жаҳон хотираси» дастурининг нуфузи ва самарадорлигини янада оширади.
Янги халқаро куннинг таъсис этилиши давлатлар ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшлар, илмий жамоатчилик ва кенг аҳоли қатламларининг ҳужжатли меросни асраш ва тарғиб қилиш ишларидаги иштирокини фаоллаштириш имконини беради.
Мамлакатимиз бой ва хилма-хил ҳужжатли меросга эга бўлиб, ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» дастурида фаол иштирок этиб келмоқда.
ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» реестрига мамлакатимизнинг минг йиллик тарихи ва маданий ранг-баранглигини акс эттирувчи ноёб коллекциялар киритилган. Улар қаторида Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди, Усмон Қуръони, Хива хонлари архивлари, Бухоро амирлиги девонхонаси ҳужжатлари, Румий асарлари тўплами, Худойберган Девоновнинг фотоколлекцияси, «Туркистон альбоми», Муғ тоғидан топилган Суғд ҳужжатлари ҳамда «Жомеъ ут-таворих» асари мавжуд. Жаҳон аҳамиятига эга бўлган мазкур ёдгорликлар Ўзбекистоннинг чуқур тарихий илдизларини ҳамда мамлакатимизнинг ёзма маданият, илм-фан ва санъат тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини намоён этади.
Мамлакатимиз ташаббусининг бир овоздан қўллаб-қувватланиши сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик жадал суръатларда кенгайиб бораётганининг ёрқин тасдиғи бўлди.
2025 йилда Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг тарихий 43-сессияси муваффақиятли ўтказилди.
ЮНЕСКО раҳбариятининг, жумладан Бош директорнинг Ўзбекистонга мунтазам ташрифлари шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланди.
Тошкент шаҳрида мактабгача таълим бўйича ЮНЕСКОнинг
II-тоифадаги минтақавий маркази ташкил этилди, шунингдек, сунъий интеллект этикаси соҳасида ЮНЕСКО–Ўзбекистон Беруний номидаги халқаро мукофоти таъсис қилинди.
Мамлакатимиз ЮНЕСКОнинг олий таълимда малакаларни тан олиш бўйича Глобал конвенциясига қўшилди. ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Ўзбекистонда сунъий интеллектни жорий этиш бўйича комплекс тадқиқот амалга оширилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг 8 та кафедраси ва ЮНЕСКО билан ҳамкорлик қилувчи 24 та мактаб фаолият юритмоқда. 2024 йилда Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университетида Ипак йўлида барқарор тарихий туризм бўйича ЮНЕСКО кафедраси очилди. Тошкент, Фарғона, Нукус ва Самарқанд шаҳарлари ЮНЕСКОнинг Глобал ўқувчи шаҳарлар тармоғига киритилди.
Маданий мерос соҳасидаги ҳамкорлик ҳам сезиларли даражада кенгайди. Бухоро шаҳри ЮНЕСКОнинг Креатив шаҳарлар глобал тармоғига қўшилди, Ўзбекистон эса маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ЮНЕСКОнинг маслаҳат органи ҳисобланган ИККРОМнинг тўлақонли аъзосига айланди.
Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига қарийб 20 та номинация киритилди. Улар қаторида «Қорақалпоқ ўтовларини тайёрлаш бўйича анъанавий билим ва кўникмалар», «Қобиз ясаш ва ижро этиш санъати», «Ўзбекистон кулолчилик санъати», «Наққошлик» ва бошқалар мавжуд.
Жаҳон мероси шаҳарлари ҳисобланган Хива, Бухоро, Шаҳрисабз ва Самарқандга қўшимча равишда Зарафшон – Қорақум коридори бўйлаб жойлашган ёдгорликлар, шунингдек, Ғарбий Тянь-Шань ва Турон чўлларининг табиий ҳудудлари ҳам ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилди. Чотқол ва Қуйи Амударё давлат биосфера резерватлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига киритилди.
Яқин келажакда ЮНЕСКОнинг мазкур рўйхатларига «Тошкент модернистик архитектураси», «Ўзбек кураши», «Бухоро рақси», «Алпомиш», «Ипак йўли: Фарғона–Сирдарё коридори», «Каштачилик санъати» ва «Кигиз тайёрлаш анъаналари» каби янги номинацияларни киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Ўзбекистон маданий мероси объектларини муҳофаза қилиш масалалари бўйича Халқаро маслаҳат қўмитаси ташкил этилди. Ташкилот ҳомийлиги остида «Шарқ тароналари», Мақом ва Бахшичилик санъати, халқ ҳунармандчилиги ҳамда этноспорт фестиваллари ўтказиб келинмоқда.
Ушбу ютуқларнинг барчаси Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик изчил, тизимли равишда ривожланаётганини ҳамда Ташкилот мандатининг барча асосий йўналишларини қамраб олаётганини намоён этмоқда.
Икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида 2026 йил 8 апрель куни Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги Битим имзоланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббусларини биргаликда амалга ошириш бўйича махсус «Йўл харитаси» қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини белгилаб берувчи янги стратегик дастурий асосга айланди ҳамда томонларнинг ЮНЕСКО мандати доирасидаги барча соҳаларда ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга бўлган интилишини тасдиқлади.
Президентимизнинг 19 ноябрь санасини Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш тўғрисидаги ташаббусининг муваффақиятли амалга оширилиши ҳам сўнгги йилларда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора ортиб бораётганининг яна бир ёрқин далилидир.
Ўзбекистон глобал гуманитар кун тартибини шакллантиришдаги ўрнини изчил мустаҳкамлаб бормоқда. Мамлакатимиз маданий меросни асраш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ва барқарор тараққиёт ғояларини илгари суришга катта эътибор қаратмоқда.
Сўнгги йилларда республикамиз йирик халқаро форумлар учун нуфузли майдонга айланди, ЮНЕСКО дастурларида фаол иштирок этмоқда ҳамда маданий дипломатияни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Халқаро ҳужжатли мерос кунининг таъсис этилиши Ўзбекистон нафақат муҳим халқаро ташаббусларни илгари сураётганини, балки уларнинг амалий ижросини таъминлашга ҳам тайёр эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Мамлакатимиз келгусида ҳам ҳужжатли меросни сақлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ниятида. Биз ЮНЕСКО ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликда ҳар йили янги халқаро санага бағишланган тадбирларни ташкил этишни режалаштирмоқдамиз. Улар қаторида ЮНЕСКО бош қароргоҳида кўргазмалар, таълим дастурлари, тренинглар ва турли маданий тадбирлар ўтказиш назарда тутилган.
Халқаро ҳужжатли мерос кунининг таъсис этилиши нафақат Ўзбекистон дипломатиясининг муҳим ютуғи, балки инсоният хотирасини сақлаш йўлидаги глобал ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир. Бу ҳужжатли мерос келажак авлодлар учун очиқ, ишончли ҳимояланган ва кенг фойдаланиладиган бойликка айланадиган келажакка қўшилган муносиб ҳиссадир.
Камол Мухторов,
Ўзбекистон Республикасининг
ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакили