Ўзбекистон миллий жамоаси 38-Халқаро информатика олимпиадасида 4 та медални қўлга киритди
Тошкентда ўтказилган 38-Халқаро информатика олимпиадаси (IОI 2026) баҳслари Ўзбекистон учун тарихий натижа билан якунланди. Миллий терма жамоамизнинг барча 4 нафар аъзоси совринли ўринларни эгаллади. Йигитларимиз 1 та кумуш ва 3 та бронза медали соҳибига айланди.
Жумладан, Муҳаммад ал-Хоразмий мактабининг 9-синф ўқувчиси Жаҳонали Ҳайдаралиев — кумуш медаль, Нукус Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Тимур Кадирбергенов – бронза медаль, Наманган Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Улуғбек Раҳматуллаев— бронза медаль, Наманган Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси Жаҳонгиршоҳ Авазхонов — бронза медалга сазовор бўлди.
Навоий шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Сардорбек Салимов — “Фахрий эътироф” совринига эга бўлди.
Мазкур тарихий натижа ёшларимизнинг йиллар давомида олиб борган изчил тайёргарлиги, устозларнинг фидокорона меҳнати ҳамда мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган рақамли таълим ислоҳотларининг амалий самарасидир.
Ўзбекистон ёшлари дунёнинг энг кучли ёш дастурчилари қаторида муносиб натижа қайд этгани келгусида халқаро майдонларда янада юксак марраларни забт этиш учун мустаҳкам замин ҳамда минглаб ёшларимиз учун катта мотивация бўлиб хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА