Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун Сурияга қарши ўйнайди
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ФИФА кунларидан унумли фойдаланиб, халқаро майдонда бир қатор ўртоқлик учрашувида иштирок этмоқда.
Хусусан, жамоамиз бир неча кун аввал Эрон терма жамоасига қарши ўтган ўртоқлик ўйинида 3:1 ҳисобида ғалаба қозонгандан сўнг, бугун 1 октябрь куни Сурия терма жамоасига қарши ўйин ўтказади. Соат 19:00 да “Пахтакор” стадионида старт оладиган баҳс терма жамоаларнинг ўзаро саккизинчи учрашуви бўлади.
Шу ўринда Ўзбекистон ва Сурия термаларининг бугунга қадар ўтказган 7 та ўйини ҳақида тўхталиб ўтишни лозим топдик. Футболчиларимиз илк бор сурияликлар билан 1996 йилги Осиё кубогида тўқнашган ва 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган. Кейинчалик Жаҳон чемпионати саралаш босқичида ўзаро рақобатлашган ва 1:0 ҳисобида зафар қучган.
2017 йили Сурия 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, орадан бир йил ўтиб жамоалар 1:1 ҳисобида дуранг қайд этган. 2019 йили Ўзбекистон термаси 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган, 2020 йил яна сурияликлар 1:0 ҳисобида ғалабани илиб кетган. Сўнгги ўйин 2024 йили бўлиб ўтган ва ҳисоб очилмаган.
Бугунги баҳсда терма жамоамиз ўзлари учун ноқулай рақиб бўлган Сурия термасини мағлубиятга учратишга қодир. Дарвоқе, футболчиларимиз ушбу учрашувдан сўнг, 6 октябрь куни Жанубий Корея майдонида мезбонларга қарши ўйнайди.
Қайд этиш жоиз, мазкур ўртоқлик учрашувлари терма жамоамиз учун муҳим тайёргарлик вазифасини ўтайди. Боиси, Ўзбекистон миллий терма жамоасини 2027 йил бошида Саудия Арабистонида ўтказиладиган Осиё кубоги кутиб турибди.
FIFA кунларидаги баҳслар орқали футболчиларнинг имкониятлари синовдан ўтказилиб, Осиё кубогига тайёргарлик давом эттирилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА