Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси мутахассислари Лос-Анжелесда
Мамлакатимиз спорт мутахассислари Лос-Анжелес шаҳри мезбонлик қиладиган XVIII ёзги Паралимпия ўйинлари даврида мусобақаларнинг ташкилий жиҳатлари, спорт турларининг алоҳида дастурлари, транспорт ва логистика масалаларини кўриб чиқди.
Шунингдек, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари Бобур Ҳамроев етакчилигидаги ишчи гуруҳ мамлакатимиз спорт делегациясининг ўйинлардаги иштироки юзасидан “Лос-Анжелес-2028” ўйинларини ташкил этиш ишчи гуруҳлари билан учрашди.
Мулоқотлар жараёнида ёзги Паралимпия ўйинлари учун мўлжалланган спорт иншоотлари, меҳмонхоналар ва ўйин спорт турларининг техник масаласи, делегацияларнинг хавфсизлиги, уларга яратиладиган шарт-шароитлар хусусида фикр алмашилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ишчи гуруҳи ўйинлар дастуридан ўрин олган пара қиличбозлик, пара таэквондо, пара дзюдо, бочча ҳамда пара стол тенниси баҳслари ўтиши режалаштирилган "Лос-Анжелес конгресс маркази"да бўлиб, мажмуада яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Эслатиб ўтамиз, XVIII ёзги Паралимпия ўйинлари 2028 йилнинг 15-27 август кунлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА