Тошкент Осиё Паралимпия қўмитаси конференцияси ва Бош ассамблеясига мезбонлик қилади
Тошкент 2027 йилги Осиё Паралимпия қўмитасининг нуфузли тадбирларига илк бор мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Осиё Паралимпия қўмитаси (APC) 2027 йилги конференция, тақдирлаш маросими ва Бош ассамблеяни ўтказиш ҳуқуқи Тошкент шаҳрига берилганини маълум қилди. Шу тариқа, Ўзбекистон ўз тарихида илк бор Осиё Паралимпия қўмитасининг мазкур муҳим тадбирларига мезбонлик қилади.
Тадбир доирасида Осиёнинг 45 та Миллий Паралимпия қўмитаси вакиллари, шунингдек, APC Ижроия кенгаши аъзолари, аъзо қўмиталар, спортчилар, халқаро федерациялар, мусобақалар ташкилий қўмиталари ҳамда халқаро спорт ташкилотлари вакилларининг Тошкентда жам бўлиши кутилмоқда.
Дастурдан Осиёда Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларига бағишланган тақдимотлар, муҳокамалар ва семинарларни ўз ичига олган конференция ўрин олган.
Шундан сўнг, Бош ассамблея йиғилиши ўтказилади. Унда APC аъзолари ташкилий ва стратегик масалалар, шунингдек, минтақада Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилади.
Тошкентда, шунингдек, Осиё Паралимпия ҳаракатига қўшилган салмоқли ҳисса ва эришилган ютуқларни эътироф этишга қаратилган тақдирлаш маросими ҳам ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур тадбирларнинг Тошкентда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро Паралимпия ҳаракатидаги нуфузи ва фаол иштироки янада мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА