Ўзбекистон майиз экспортида дунёда 7-ўринда: асосий бозор — Япония (+видео)
Дунёда майиз экспорти бўйича 7-ўринда турган Ўзбекистон учун Япония бозори алоҳида аҳамиятга эга. Халқаро сифат стандартларига риоя этилиши, миллий маҳсулотларимиз экспортининг янада кенгайишига замин яратади.
Ўзбекистон 2026 йилнинг январь–июнь ойларида 57 та давлатга салкам 50 минг тонна майиз экспорт қилган. Айнан мазкур турдаги маҳсулот экспорти бўйича мамлакатимиз дунёда 7-ўринни эгаллайди. Экспортнинг катта қисми Япония ҳиссасига тўғри келади.
- Ишлаб чиқарувчилар, кафелар, брендлар Ўзбекистоннинг хом-ашёсидан фойдаланган холда рецепт тайёрлаб маҳсулот тақдим қилишади, - дейди «Ўзбекистон-Япония» савдо уйи раҳбари Бунёд Иброҳимов. – Биз йил охирида “энг яхши рецепт”, “энг яхши маҳсулот”ни аниқлаймиз ва уларга ўринларни кўргазмада эълон қиламиз. Биз ўша рецептларнинг таркибида айнан Ўзбекистон маҳсулотлари билан кўрсатадиган бўлсак, бошқа ишлаб чиқарувчилар ҳам юртимиз маҳсулотларига қизиқиши ортади. Экспорт ҳажми ҳам кўпаяди. Япониядаги энг машҳур қандолатчиларнинг миллий маҳсулотимиздан фойдаланишса, бошқалар ҳам шунга интилади.
Япония бозорида озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан қатъий талаблар белгиланган. Шу сабабли бугун маҳаллий етиштирувчилар олдида турган асосий мақсад халқаро стандартларнинг жорий этилиши. Айнан шу масала Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасида ўтказилган учрашувда эътибор марказида бўлди.
- Ўзбекистондан Япония давлатига ҳозирги кунда майиз, дуккакли маҳсулотлар, полиз экинлари ҳамда мева-сабзавотларимиз экспорти амалга оширилмоқда, - дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси мутахассиси Наргиза Муроджонова. – Айнан майиз маҳсулоти бўйича биринчи ярим йилликда 73 минг АҚШ долларлик экспорт амалга оширилди. Бунда майизнинг ўртача нархи ўтган йили 4.9 доллар бўлган бўлса, бу йил 5.4 долларга ошди. Ўзбекистондаги миллий маҳсулотларимизни дунёга танитишда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси томонидан ташкиллаштирилаётган кўргазмалар ва ярмаркаларнинг аҳамияти катта.
Ўзбекистон майиз экспорти бўйича жаҳонда муҳим ўринлардан бирини эгаллаган ҳолда, Япония каби талабчан бозорларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришда давом этмоқда. Экспорт ҳажмини ошириш ва маҳсулот қийматини юксалтиришда халқаро стандартларга мосликни таъминлаш ҳамда Ўзбекистон маҳсулотларини хорижда, хусусан, машҳур рецептлар орқали фаол тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар олдига сифат ва хавфсизлик талабларини қатъий бажариш вазифасини қўяди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5T-csApmXsc" title="O‘zbekiston mayiz eksportida dunyoda 7-o‘rinda: asosiy bozor — Yaponiya" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА