Ўзбекистон майиз экспортида дунёда еттинчи ўринга кўтарилди
Ўзбекистон майизи жаҳон бозорида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда. 2026 йилнинг дастлабки олти ойида 57 мамлакатга 60 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди, бу ўн йил ичидаги сезиларли ўсишни кўрсатади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистон 57 та хорижий мамлакатга 47,7 минг тонна майиз экспорт қилди. Унинг қиймати 60 миллион долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 704,5 тоннага кўп. Ўзбек майизининг асосий харидорлари орасида Қозоғистон, Хитой, Россия, Туркия, Эрон, Украина, Озарбайжон, Грузия, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия ва Бразилия каби мамлакатлар бор.
— Халқаро бозорларда маҳсулот қадоғига жуда катта урғу берилади, — дейди Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси бўлим бошлиғи ўринбосари Шаҳзод Турғунбоев. — Бу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятларида етиштирилган майиз дунёнинг 61 мамлакатига экспорт қилинмоқда. Ўзбекистондаги корхоналар экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Замонавий талабларга жавоб берадиган корхоналар озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб, маҳсулотларни жаҳон бозорларига мос қадоқласа, улар қўшилган қиймат билан сотилади. Ҳозирда маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва экспортчи корхоналар кичик қадоқлаш усулига ўтиб, янги бозорларга муваффақиятли кириб бормоқда.
Ўзбекистоннинг майиз экспортидаги салоҳияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда. БМТнинг халқаро савдо маълумотлар базаси (UN Comtrade) маълумотларига кўра, мамлакатимиз майиз экспорти бўйича дунёда еттинчи ўринни эгаллаган. Бугунги кунда қуритилган маҳсулотларнинг халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги талабларига мос келишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг қуритилган маҳсулотларини юқори қийматли бозорларга олиб чиқиш учун янги имкониятлар яратади.
Санжар Тошпўлатов,
Анвар Аҳмедов,
ЎзА