Швециянинг Гётеборг шаҳрида футбол бўйича “Gothia Special Olympics Trophy – 2025” бутунжаҳон ёшлар кубоги ўтказилмоқда. Ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиладиган мусобақанинг бу йилги баҳсларида дунёнинг 25 та давлатидан махсус Олимпиада терма жамоалари иштирок этмоқда.
Қувонарлиси, Ўзбекистон Махсус Олимпиада миллий терма жамоаси ҳам ушбу мусобақада муваффақиятли қатнашмоқда. Жамоамиз таркибидан 78-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатда таҳсил олаётган 10 нафар ўқувчи ўрин олган.

Ушбу ёш футболчиларимиздан иборат термамиз дастлаб Швецияни 3:1, иккинчи ўйинда Ҳонгконг терма жамоасини 2:0, Туркманистонни 6:0 ва Люксембургни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Гуруҳда 12 очко тўплаб, финал босқичида италиялик футболчилар билан ўйин ўтказадиган бўлди.
Шунингдек, мусобақанинг қизлар ўртасидаги баҳсларида вакилларимиз гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтиб, бош соврин учун Германия термасига қарши рақобатлашиш ҳуқуқига эга чиқди.
Турнирнинг финал баҳслари бугун, 17 июль куни бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Махсус Олимпиада миллий терма жамоаси бу каби халқаро мусобақаларда илгари ҳам катта муваффақиятларга эришган. Жумладан, 2021 ва 2023 йилларда мазкур турнирда чемпионликни қўлга киритган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА