Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Жаҳон чемпионатига тайёр
Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати старт олади. 13 декабрга қадар давом этадиган мусобақада Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ҳам бош соврин учун кураш олиб боради.
Мусобақада 6 та конфедерациядан 48 та терма жамоа 12 та гуруҳга бўлинган ҳолда бош соврин учун баҳс олиб боради. Осиё кубоги ярим финалигача етиб бориб, мундиал йўлланмасини қўлга киритган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси қуръа натижаларига кўра «Е» гуруҳидан жой олган. Ҳамюртларимиз гуруҳ босқичида Италия, Ямайка ва Кот-д’Ивуар вакилларига қарши майдонга тушади.
Ҳамюртларимизнинг гуруҳ босқичидаги учрашувлари билан танишинг:
20 ноябрь — Кот-д’Ивуар — Ўзбекистон, соат 21:00;
23 ноябрь — Ўзбекистон — Ямайка, соат 18:00;
26 ноябрь — Ўзбекистон — Италия, соат 19:00.
Гуруҳ босқичидаги учала учрашув ҳам Доҳа шаҳридаги «Аспайр зона» мажмуасида ўтказилади.

Бош мураббий Сергей Чигодаев томонидан жаҳон чемпионатига 2009 йилда туғилган 21 нафар иқтидорли футболчи жалб этилган. Таркибнинг асосий қисмини «Пахтакор» ва «Odil Junior» каби етакчи футбол академиялари тарбияланувчилари ташкил этади. Шунингдек, сафда аввалги мундиал тажрибасига эга Муҳаммад Ҳакимов ва Асилбек Алиев сингари ёш футболчиларнинг борлиги жамоамизнинг мусобақада муносиб иштирок этишига бўлган ишончни янада оширади.
Жаҳон чемпионати ўсмир футболчиларимиз учун халқаро майдонда ўз салоҳиятини намоён этиш, тажриба орттириш ва мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш имкониятидир. Мухлисларимиз эса ёш футболчиларимиздан мундиалда муносиб ўйин ва қувончли натижалар кутади.

Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА