Ўзбекистон кубоги: «Нефтчи» «Пахтакор»ни мусобақадан чиқариб юборди
Футбол бўйича Ўзбекистон кубоги 1/8 финал босқичидан ўрин олган навбатдаги учрашувлар ўтказилди.
Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида куннинг марказий баҳси «Нефтчи» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасида кечди. Қизиқарли ва муросасиз ўтган учрашувда мезбонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.
Баҳс давомида ҳар икки жамоа ҳам ҳисобни очиш учун бир қатор имкониятларга эга бўлди. Бироқ учрашув тақдирини 81-дақиқада «Нефтчи» ҳужумчиси Стипе Перицанинг аниқ зарбаси ҳал қилди.
Шу тариқа, «Пахтакор» мусобақадаги иштирокини 1/8 финалда тўхтатган бўлса, «Нефтчи» кейинги босқичга йўл олди.
Яна бир учрашувда «Сурхон» ўз майдонида «Гулистон»ни қабул қилди. Баҳсда меҳмонлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдаги ягона гол 52-дақиқада Асилбек Умрзақов томонидан киритилди.
1/8 финалнинг қолган икки учрашуви 30 август куни ўтказилади. Унда «Сўғдиёна» — «ҚМУ Жайхун» ва «Навбаҳор» — «Насаф» жамоалари чорак финал йўлланмаси учун баҳс олиб боради.
Қолган учрашувлар эса 15 ва 16 сентябрь кунларига белгиланган.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА