Ўзбекистон – Жанубий Корея: Стратегик ҳамкорликнинг янги инновацион босқичи
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатида юқори технологиялар, инвестициялар ва инновацион ривожланишга асосланган стратегик шерикликни кенгайтириш устувор йўналишлардан бирига айланди.
Шу билан бирга, мамлакат ташқи сиёсатида иқтисодий дипломатия ҳам муҳим ўрин эгаллаб, айниқса, Осиё-Тинч океани минтақасидаги илғор иқтисодиётлар билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур жараёнларда Жанубий Корея Республикаси билан муносабатлар алоҳида аҳамият касб этиб, амалий ҳамкорликдан чуқур интеграциялашган стратегик иқтисодий шериклик босқичига ўтмоқда.
Давлат раҳбарларимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ҳамда рақамли ва яшил иқтисодиёт йўналишларида қўшма ташаббусларни кенгайтиришга замин яратмоқда. Шу нуқтаи назардан, Жанубий Корея билан ҳамкорлик нафақат савдо-иқтисодий алоқалар ҳажми билан, балки технологик трансфер, институционал ривожланиш ва инсон капиталини ошириш каби йўналишларда ҳам ўзининг стратегик аҳамиятини тобора мустаҳкамлаб бормоқда.
Таъкидлаш керакки, мамлакатларимиз ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган бўлиб, қисқа тарихий давр ичида у “алоҳида стратегик шериклик” даражасига кўтарилди. Бугунги кунда Корея Республикаси Ўзбекистон иқтисодиётининг модернизация жараёнида энг фаол иштирок этаётган давлатлардан бири сифатида эътироф этилади. Хусусан, статистик маълумотлар ва халқаро молия институтлари таҳлилларига кўра, Корея Ўзбекистондаги энг йирик инвестор давлатлар қаторига киради ва умумий инвестиция портфели бир неча миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Бу инвестициялар асосан энергетика, нефть-газ кимёси, машинасозлик, электротехника, қурилиш ва инфратузилма каби стратегик соҳаларга йўналтирилган. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, рақамли технологиялар ва “ақлли шаҳарлар”, таълим, кадрлар тайёрлаш ҳамда бошқа яна кўплаб соҳаларда яхши ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Эътироф этиш жоиз, Кореянинг ривожланиш модели экспортга йўналтирилган саноатлаштириш, инновацияларни кенг жорий этиш ва инсон капиталига сармоя киритиш бўлиб, бу Ўзбекистон учун муҳим тажриба мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Шу жиҳатдан, икки томонлама ҳамкорлик фақат молиявий ресурслар билан чекланмай, балки илғор технологиялар трансфери ва бошқарув тажрибасини ўзлаштиришни ҳам ўз ичига олади. Масалан, “Korea Gas Corporation”, “Lotte Chemical” ва “Samsung” каби йирик компаниялар иштирокидаги лойиҳалар юртимиз саноатини модернизация қилишда муҳим рол ўйнамоқда. Устюрт газ-кимё мажмуаси бунга яққол мисол бўлиб, у нафақат юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, балки экспорт салоҳиятини ҳам оширмоқда.
Сўнгги йилларда давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиш динамикасини намоён этиб, саноат, кимё, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари асосий савдо йўналишларини ташкил этмоқда. Жанубий Корея Ўзбекистон ташқи савдосида энг йирик ҳамкорлардан бири бўлиб, унинг мамлакатимиз умумий савдо айланмасидаги улуши 2025 йилда 2,1 фоизни ташкил этди.
Қолаверса, Корея Ўзбекистон учун юқори технологияли ускуналар ва саноат компонентлари етказиб берувчи сифатида муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон эса ўз навбатида хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар экспортини амалга оширади. Айниқса, Кореанинг “Eximbank” ҳамда бошқа ривожланиш институтлари томонидан тақдим этилаётган имтиёзли кредитлар ва грантлар диёримизда транспорт, энергетика ва ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Эътиборлиси, Корея Республикаси “яшил иқтисодиёт”, қайта тикланувчи энергия манбалари, рақамлаштириш ва сунъий интеллект каби соҳаларда етакчи давлат сифатида Ўзбекистон учун муҳим ҳамкор бўлиб, энергия самарадорлигини ошириш, карбон чиқиндиларини камайтириш ва “ақлли шаҳарлар” концепциясини жорий этишда тажриба алмашиш имконини бермоқда. Бу жараён глобал иқтисодий трансформация шароитида республикамизнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Инсон капиталини ривожлантириш ҳам икки томонлама ҳамкорликнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Юртимизда фаолият юритаётган Тошкентдаги Инҳа университети, Ажоу университети каби олий таълим муассасалари замонавий муҳандислик, ахборот технологиялари ва менежмент йўналишларида юқори малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим роль ўйнамоқда. Бундан ташқари, Корея тажрибаси асосида касб-ҳунар таълими тизимини ривожлантириш, стартап экотизимини қўллаб-қувватлаш ва инновацион инфратузилмани кенгайтириш йўналишларида ҳамкорлик кучаймоқда.
Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхоль ўртасида бўлиб ўтган музокаралар ҳам айнан шу устувор йўналишларни янада чуқурлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Учрашув давомида инвестиция муҳитини яхшилаш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бу эса ўз навбатида, Ўзбекистон иқтисодиётининг диверсификацияси, экспорт салоҳиятининг ошиши ва янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, Жанубий Корея каби технологик жиҳатдан ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик қилган мамлакатлар иқтисодий модернизация жараёнини тезлаштириш имконига эга бўлади. Шу маънода, Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги нафақат икки томонлама манфаатларга хизмат қилади, балки Марказий Осиёда минтақавий иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшади. Келгусида бу алоқалар инновациялар, рақамли иқтисодиёт ва яшил технологиялар асосида янада ривожланиши кутилмоқда, бу эса Янги Ўзбекистоннинг глобал иқтисодий тизимдаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Нигора Маҳмасобирова,
ТДШУ “Иқтисодиёт ва менежмент” кафедраси катта ўқитувчиси.
ЎзА