Ўзбекистон – Корея: ҳамкорликнинг янги босқичи нимани англатади?
Айни кунларда Президент Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлиб турибди. Бу ташриф Ўзбекистон – Корея муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга ўтаётган бир пайтга тўғри келмоқда.
Икки мамлакат қарийб уч ярим йил ичида дипломатик муносабатдан алоҳида стратегик шериклик даражасигача салмоқли йўлни босиб ўтди. 2024-2026 йилларда юқори технология, саноат кооперацияси ва муҳим ресурсларни чуқур қайта ишлашга асосланган шерикликнинг янги моделини шакллантириш бўйича келишувга эришилди. 16-17 сентябрь кунлари Сеулда тарихда биринчи марта “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммити ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон – Корея муносабатининг бугунги ҳолати ва истиқболи хусусида сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев билан суҳбатлашдик.
– Ўзбекистон ва Корея Республикалари муносабати бугун қайси босқичда?
– Икки давлат ўртасида 1992 йил 29 январда ўрнатилган дипломатик муносабат нисбатан узоқ йўлни босиб ўтди. 2006 йил Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди. 2019 йил алоқалар алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу Корея Республикаси дипломатик иерархиясидаги энг юқори даражалардан бири.
2024 йил 13-15 июнь кунлари Президент Юн Сок Ёлнинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш бўйича қўшма баёнот имзоланди. Ўзбекистонда юқори технология минтақавий хабини яратиш бўйича Стратегик дастур ишлаб чиқишга келишилди. 80 дан ортиқ етакчи корейс компанияси иштирокидаги бизнес-форумда 9,6 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳалари тўплами шакллантирилди.
Кореяда маъмурият алмашиши жараёнга салбий таъсир қилгани йўқ. 2025 йил 24 июлда Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси янги Президенти Ли Чжэ Мён билан телефон орқали мулоқот қилди. 23 сентябрда эса икки давлат раҳбарлари Нью-Йоркда учрашиб, янги узоқ муддатли Технологик ва саноат шериклиги дастурини тайёрлашга келишди. 2026 йил бошидан товар айланмаси 12 фоиз ўсди. Корейс компаниялари учун махсус саноат ҳудуди ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. 3 май куни Тошкент – Хива йўналишида илк “Hyundai Rotem” поезди қатнай бошлади.
– Корея ва Ўзбекистон учун қайси жиҳатдан муҳим? Ўзбекистон Корея учун қандай аҳамиятга эга?
– Ўзбекистон учун Корея Республикаси нафақат стратегик шерик, балки модернизация тажрибаси билан ҳам қизиқ. Корея аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни ўтган аср 60-йилларидаги тахминан 100 доллардан бугун 30 000 долларга олиб чиққан. Саноатлаштириш, экспорт, таълим ва инновацияга таянган ушбу тажриба биз учун жуда муҳим.
Корея иқтисодиётимизга киритган сармоя 8 миллиард доллардан ошган. Корея Эксимбанки, EDCF жамғармалари ва Корея тараққиёт банкининг юртимиздаги лойиҳалари жами қиймати 2 миллиард доллардан ошган. 1999 йилдан буён 2,6 миллиард долларлик 17 лойиҳа амалга оширилган.
Инсон капитали йўналиши ҳам муҳим. Кореяда 11 000 дан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олади. Диёримизда 4 корейс университети филиали ишлаяпти. KOICA 1991 йилдан буён таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат бошқаруви соҳаларида қарийб 250 миллион долларлик лойиҳа амалга оширди.
Корея учун Ўзбекистон Марказий Осиёдаги муҳим бозор ва ишлаб чиқариш майдони. Мамлакатда корейс капитали иштирокида 1000 га яқин корхона фаолият юритяпти. Заминимиз қаъридаги уран, вольфрам, молибден ва кремний каби муҳим минераллар Корея юқори технологияли саноати учун жуда зарур. Ўлкамизда 170 000 дан кўп этник корейс яшайди. Бу ҳам икки давлат ўртасидаги табиий ишонч кўприги ҳисобланади.
– Савдо ва инвестицияда аҳвол қандай?
– 2023 йил ўзаро товар айланмаси 2,5 миллиард долларга етган. 2025 йил логистика харажати ва жаҳон бозоридаги вазият таъсирида бу кўрсаткич 1,7 миллиард долларга тушди. Бу Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 2,1 фоизига тенг. 2026 йил бошидан эса 12 фоиз ўсиш қайд этилди. Корейс экспортида машина ва ускуналар, автокомпонент ва кимё маҳсулотлари асосий ўрин тутади. Республикамиз ушбу ҳамкор давлатга асосан тўқимачилик, мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизмати экспорт қилмоқда.
2024 йил мартда Сеулда Ўзбекистоннинг биринчи Савдо уйи очилди. Корейс савдо тармоғида ўзбек маҳсулотлари учун махсус пештахталар кўпаймоқда. Шерикликнинг янги моделини изчил амалга ошириб, 2030 йилга бориб товар айланмасини 3-4 миллиард долларга олиб чиқиш аниқ мақсад сифатида белгиланган.
– “Шерикликнинг янги модели” деганда айнан нима назарда тутиляпти?
– Асосий ўзгариш шундаки, ҳамкорлик энди оддий савдо ва инвестиция билан чекланиб қолмайди. Марказда технология ва саноат кооперацияси туради. Юқори технология минтақавий хаб яратиш доирасида муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, ярим ўтказгич, кимё саноати, “яшил” водород ва аммиак, машинасозлик, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва замонавий энергетика каби йўналишлар белгиланган.
Рақамли ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Корея Ўзбекистонда “Электрон ҳукумат”ни ривожлантиришга кўмаклашяпти. Энди сунъий интеллект, маълумотни қайта ишлаш маркази, “ақлли” шаҳар, кибер хавфсизлик ва ўзбек IT-хизматини Корея бозорига олиб чиқиш кун тартибига чиққан.
– Шундай улкан салоҳиятга қарамай, ҳамкорликка тўсқинлик қилаётган омиллар ҳам бордек…
– Ҳа. Асосий масала логистика билан боғлиқ. Икки давлатнинг умумий чегараси йўқ, Ўзбекистон денгизга чиқиш имконига эга эмас. Демак, етказиб бериш йўли узоқ ва қиммат. Савдода ҳам номутаносиблик бор. Кореядан машина ва ускуна кўп импорт қилинади, Ўзбекистон экспорти номенклатураси эса чекланган.
Эркин савдо битими, хизмат савдоси ва инвестицияни ҳимоя қилиш бўйича битимлар ҳали шаклланмаган. Стандарт ва сертификатлаштиришда ҳам фарқ бор. Шунингдек, арзон ва узоқ муддатли молиялаштириш, валюта хатари, корейс тили ва ишбилармонлик маданиятини биладиган мутахассислар етишмовчилиги мавжуд. Бинобарин, бу муаммолар ечиб бўлмайдиган даражада эмас. Ҳар бири бўйича икки томон иш олиб боряпти.
– Сеулда ўтадиган биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитидан нималар кутиляпти?
– Бу формат икки томонлама муносабатга минтақавий ўлчов қўшади. “Корея Республикаси – Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми 2007 йилдан буён ишлаб келади. Энди мулоқот давлат раҳбарлари даражасига кўтарилмоқда. 16-17 сентябрдаги саммитда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштироки кўзда тутилган.
Кўзланган натижа – форматни институционаллаштириш, юқори даражадаги учрашувларни мунтазам ўтказиш, таъминот занжири ва иқтисодий хавфсизлик бўйича дастурий ҳужжатлар қабул қилиш, муҳим минераллар, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, “яшил” энергетика ва таълим бўйича тармоқ платформаларини ишга тушириш. Мазкур анжуман Ўзбекистонга Корея Республикасининг Марказий Осиёдаги марказий шерикларидан бири сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш имконини беради.
ЎзА мухбири Дилшод Ҳакимов суҳбатлашди.