Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги янги босқичда: сиёсий ишонч, иқтисодий интеграция ва инновацион ривожланиш

Кейинги йилларда Ўзбекистон – Хитой муносабатлари иқтисодий интеграция чуқурлашуви ҳамда Марказий Осиёнинг стратегик аҳамияти ортиб бориши шароитида изчил ривожланмоқда.

Хитой Халқ Республикаси (ХХР) Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорд ва етакчи инвестори сифатидаги ўрнини мустаҳкамламоқда. Ўз навбатида, Тошкент Пекинни миллий иқтисодиётни модернизация қилиш, инфратузилма ва саноат салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек технологияни янгилаш каби йўналишлардаги энг муҳим ҳамкор сифатида билади.

Ўтган йил давомида Ўзбекистон ва Хитой муносабати ривожланиш суръатини баҳолаш учун икки давлат раҳбарлари ва расмий доира вакиллари учрашувлари, бизнес ҳамкорлиги жадаллашиши, умумий савдо ва инвестиция кўлами кенгайиши таҳлили муҳим аҳамият касб этади. 2025 йил турли даражадаги тадбирлар – давлат раҳбарлари ўзаро ташрифлари, ҳукуматлараро ва соҳавий маслаҳатлашувлар мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Масалан, сиёсий алоқалар мамлакат раҳбарлари ўртасида аввал эришилган келишувларнинг мантиқий давоми сифатида намоён бўлди. Мазкур жараён ҳамкорликни кенгайтириш, конструктив мулоқотни ривожлантириш ва ўзаро келишилган мажбуриятларни самарали амалга ошириш учун мустаҳкам институционал асосни шакллантирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин майда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида «Марказий Осиё – Хитой» формати доирасида, сентябрь ойида Пекин шаҳарида икки томонлама учрашувлар ўтказиб, мунтазам мулоқотни қўллаб-қувватладилар. Бу сиёсий курс узвийлигини таъминлаш, халқаро кун тартибидаги асосий масалалар бўйича ёндашувларни мувофиқлаштиришга хизмат қилди. Муҳим ютуқ сифатида ўзаро ҳамкорликнинг институционал механизмлари — ҳукуматлараро қўмита, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги Стратегик мулоқот ва турли соҳалардаги ҳамкорлик тузилмаларининг барқарор фаолият кўрсатиши таъминланди. Давлатларимиз миллий манфаатларга дахлдор асосий масалаларда бир-бирини изчил қўллаб-қувватлади, БМТ, ШҲТ ва бошқа кўп томонлама халқаро платформаларда ўзаро мувофиқлашув кучайди. Натижада сиёсий шерикли сифат жиҳатидан чуқурлашиб, узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилди.

Мамлакатимиз етакчиси ХХРнинг 2 нафар юқори лавозимли раҳбари – Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Цзяньчао ҳамда КП МҚ Ташқи ишлар девонхонаси раҳбари, ташқи ишлар вазири Ван И бошчилигидаги делегацияларни қабул қилди. Учрашувлар давомида янги даврда Ўзбекистон – Хитой ҳар томонлама стратегик шериклигини янада чуқурлаштириш, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Давлатлараро муносабатда ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги фаол мулоқот ҳам муҳим ўрин тутади. 2023 йил 21 ноябрь куни Пекин шаҳрида ташқи сиёсат идоралари ўртасида янги ҳамкорлик формати – “Стратегик мулоқот” йўлга қўйилган эди. 2025 йил ноябрда эса Иккинчи стратегик мулоқот бўлиб ўтди. Ушбу механизм ўзаро ишончни мустаҳкамлаб, ўзаро муносабат стратегик даражада барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатининг ўзига хос жиҳати сифатида давлат раҳбари расмий ташрифларини ишбилармонлик учрашувлари билан уйғун ҳолда олиб бориш амалиётини қайд этиш лозим. Хусусан, Хитойга амалга оширилган барча ташрифларда мамлакатимиз раҳбари иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга урғу бериб, йирик компаниялар ва молия ташкилотлари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди. Мазкур учрашувлар давомида давлат раҳбари мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилаётган кенг имкониятлар билан бирга, давлатимиз иқтисодиётининг жадал ўсиш суръатини таъкидлади.

Бундай формат ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ва инвестиция жалб этиш мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг муҳим омили сифатида белгилаб олингани, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган стратегик интилиш ифодасидир.

Юқоридаги саъй-ҳаракатлар самарасини Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий, савдо ва инвестиция ҳамкорлиги суръатида бевосита кузатиш мумкин. Ишбилармонлик алоқалари жадал ўсишига мос равишда ўзаро савдо ҳажми ҳам изчил ортмоқда. Хусусан, 2025 йил январь-ноябрь ойларида ўзаро товар айланмаси 14,6 млрддолларга етди. Бу Хитойнинг Ўзбекистон учун энг йирик савдо ҳамкори сифатидаги мавқеини мустаҳкамлади. Хитой компанияларининг юртимиздаги лойиҳаларга қизиқиши тобора ортмоқда. 2017-2024 йиллар мобайнида иқтисодиётимизга жалб этилган Чин инвестициясининг умумий қиймати 24,6 млрд. долларни ташкил этди. 2025 йил охирига келиб, Хитойдан киритилган тўғридан-тўғри инвестиция қарийб 15 млрд. долларга етди. 2024 йил ушбу кўрсаткич 10 млрд. доллар эди. Қўшма лойиҳалар жами портфели қарийб 90 млрд. Доллар ёки иқтисодиётимизга киритилган хорижий сармоянинг тахминан учдан бир қисмини ташкил этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Статитстика қўмитаси маълумотига кўра, республикада фаолият юритаётган Хитой капитали иштирокидаги компаниялар сони 5044 та. Бу диёримиздаги барча хорижий корхоналарнинг 27 фоизидан кўпроғи. ХХР бизнеси иштироки айрим соҳаларга кескин ижобий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятида жойлашган BYD автомобиль заводи маҳаллий аҳоли бандлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Икки давлат муносабатларида иқтисодий ҳамкорлик ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш алоҳида ўрин тутади. Шу маънода Ўзбекистон Президенти йил давомида уч бор Хитойнинг етакчи компаниялари раҳбарларидан иборат делегацияларни қабул қилди.

Бу борада, деярли, ҳар бир юқори даражадаги учрашув доирасида икки томон ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форумлар ташкил этилаётганини таъкидлаш жоиз. Айни форматлар иқтисодий алоқалар ривожига қўшимча суръат бағишламоқда. Шу нуқтаи назардан икки мамлакат ишбилармон ҳамжамиятлари ўртасидаги шериклик давлатлараро муносабатларнинг барқарор меъёрига айланиб, нафақат иқтисодий алоқаларни ҳаракатлантирувчи асосий кучи бўлиб хизмат қиляпти, балки Хитой инвестицияси Ўзбекистон иқтисодиётига кириб келишини жадаллаштириб, Чин капитали иштирокидаги корхоналар сони ортишига олиб келяпти.

Ўтган йил мобайнида турли даражада уч йирик бизнес-форум ўтказилди. Хусусан, январь ойида Тошкент шаҳрида ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда бизнес-форум ташкил этилди. Анжуманда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек икки мамлакатнинг 400 нафардан зиёд ишбилармон доира вакили иштирок этди.

Баҳорда эса Урумчи шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири А.Арипов ҳамда Шинжон-Уйғур автоном райони партия қўмитаси котиби Ма Синжуй иштирокида бизнес-форум уюштирилди. Ўшанда мамлакатимиз делегацияси таркибида 250 дан зиёд йирик тадбиркор бор эди.

1-2 июнь кунлари Самарқандда Иккинчи Ўзбекистон – Хитой бизнес-форуми муваффақиятли ўтказилди. Ушбу йирик анжуманда давлат идоралари, корхоналар, илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларидан 2800 га яқин делегат қатнашди.

Мазкур тадбирлар икки томонлама ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли шартномалар ва келишувлар имзолаш учун самарали платформа вазифасини ўтамоқда. Айни пайт, бу форматлар тадбиркорларимизга Хитой бизнес ҳамжамияти ўртасида Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва миллий маҳсулотларимизни кенг тарғиб этиш имконини бермоқда.

Бундай форумлар Хитой инвесторларининг республика ҳудудларида жойлашган эркин иқтисодий зоналарга қизиқиши ортаётганини кўрсатади. Бугунги кунда Сирдарё вилояти илғор хитой инновациялари марказига айланди: ҳудудда ташкил этилиб, соддалаштирилган божхона режимига эга эркин иқтисодий зоналар мақомини олган инновацион технопарклар Хитой модели асосида шакллантирилмоқда. Мазкур лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида ХХР “Ипак йўли жамғармаси” ва бошқа молиявий институтлар билан ҳамкорликда 1 миллиард долларлик инвестиция жамғармаси ташкил этилди.

Мутахассислар фикрича, 2024 йил ва 2025 йилнинг биринчи ярмида Хитой компаниялари фаоллиги сезиларли даражада кучайиб, асосан нефть-кимё саноати, газ инфратузилмасини ривожлантириш ва электр энергетикаси соҳаларидаги лойиҳаларга йўналтирилди. Энг йирик ташаббуслардан бири сифатида Бухоро вилоятида олефин ишлаб чиқаришга мўлжалланган газ-кимё мажмуаси қурилишини айтиш мумкин. Қиймати 3,3 милллиард долларга тенг ушбу ташаббус “Sinopec” корпорацияси ва “Saneg” компанияси иштирокида амалга оширилмоқда. Келгуси йил ишга туширилиши режалаштирилган мазкур объект минтақавий полимер маҳсулотлари бозори тузилмасига сезиларли таъсир кўрсатиши кутиляпти.

Хитойлик инвесторлар янги йўналишларда ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Масалан, мамлакатимиз қайта ишлаш саноатига йўналтирилган инвестиция ҳам салмоқли бўлиб, 3,3 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги шериклик ҳам жадал суръат олган. Сўнгги йилларда айнан шу соҳага кўп сармоя йўналтириляпти: ҳозиргача киритилган тўғридан-тўғри маблағ 400 миллион доллардан ошди. Хусусан, ўтган йили томонлар қиймати 200 миллион долларлик уруғчилик инновацион мажмуасини ташкил этишга келишиб олди.

Умуман мазкур маблағлар асосан уруғчилик марказлари, пахтачилик кластерлари, сув тежовчи технологиялар ва пахта териш машиналари ишлаб чиқарадиган корхоналар барпо этиш лойиҳаларини ўз ичига олади. Мақсад – Ўзбекистон – Хитой аграр ҳамкорлиги илмий тадқиқот, инновацияни яратиш ва жорий этиш орқали соҳа барқарор ривожланишига кўмаклашиш, ҳар икки мамлакат глобал рақобатбардошлигини оширишга ҳисса қўшиш.

Хитой дунёдаги энг йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари истеъмолчиларидан бири ҳисобланади. Ўтган йил январь-октябрь ойларида Чин қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти ҳажми 172,73 миллиард долларни ташкил этди. Ўзбекистонда ҳар йили 25 миллион тоннадан ортиқ юқори сифатли мева-сабзавот етиштирилади. Мева-сабзавот ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти йиллик 2,5 миллиард долларга тенг. Ҳозирча республикамиздан бор-йўғи 30 га яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотини Хитойга экспорт қилиш учун рухсат олинган. Айни пайт кўплаб бошқа турдаги маҳсулотларимизни Чин бозорига юбориш ҳуқуқини берадиган ҳужжат расмийлаштирилмоқда. Афсуски, нисбатан узоқ вақт талаб этаётган бу жараён жуда қийин кечмоқда.

Мазкур вазиятни тезлаштириш учун жараённи автоматлаштириш бўйича қатор таклифлар билдирилмоқда. Жумладан, савдони енгиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Президенти ўтган йилги икки томонлама учрашувларда Тошкент шаҳрида Хитой билан ҳамкорликда “минтақавий саноат стандартлаштириш ва сертификатлаштириш маркази” ташкил этиш таклифини илгари сурди. Ушбу марказ экспорт маҳсулотларини Хитой талаби асосида сертификатлаш ва регламентларни яқинлаштириш билан шуғулланади. Бу ташаббус ўзаро савдони нафақат тезлаштиради ва енгиллаштиради, балки мувозанатлаштиришга ҳам хизмат қилиб, ҳар икки давлат манфаатига жавоб беради.

Гуманитар ва маданий соҳададаги энг муҳим ютуқлардан бири 2025 йил 1 июндан ўзаро 30 кунлик визасиз режим жорий этилганидир. Бу чора туризм, таълим, маданият ва ишбилармонлик алмашинувини фаоллаштиради.

Статистика қўмитаси маълумотига кўра ўтган йил мамлакатимизга 270 мингдан ортиқ хитойлик сайёҳ келган. Бу кўрсаткич аввалги мавсумга нисбатан бир неча баробар юқори. Мамлакатимизда Хитой таълим муассасалари ваколатхоналари ва филиаллари ташкил этилиши академик алоқани мустаҳкамлаб, талаба ва мутахассислар мобиллигини кенгайтиради. 2025 йил мактаб, коллеж ва олий таълим муассасаларимизда хитой тилини чуқур ўрганиш дастури жорий этилди. Лойиҳани амалга ошириш учун юзга яқин хитойлик мутахассис ва волонтёр жалб этилди. Бу жараённи нафақат мулоқот, балки маданий алоқа ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш воситаси сифатида баҳолаш мумкин. Ушбу омиллар узоқ муддатли истиқболда жамиятлараро барқарор алоқаларни шакллантириш, ўзаро маданиятларни англашга хизмат қилади.

Таҳлиллар ўзаро шерикликда эътибор кучайтирилиши лозим бўлган қатор йўналишлар мавжудлигини кўрсатади. Хусусан, қўшма ташаббуслар диверсификацияси етарли даражада эмас: инновация ва таълим соҳаларидаги интеграция қисман амалга оширилган, гуманитар ва маданий алмашув салоҳияти эса ҳудудий даражада тўлиқ ишга солинмаган. Бу ҳолатлар кўп компонентли шериклик моделига ўтиш жараёнида ўзаро манфаатлар мувозанатини таъминлаш билан боғлиқ муайян хатарларни юзага келтиради. Шу билан бирга 10 миллиард доллардан ортиқ савдо тақчиллиги икки томонлама муносабатда сақланиб қолаётган асимметрияни акс эттирувчи сиёсий аҳамиятга эга омил сифатида намоён бўлмоқда. Айни пайт ушбу масала фаол муҳокама қилиниб, муаммони бартараф этиш чораси кўрилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, икки томонлама муносабатнинг келгуси истиқболи ўзаро ҳамкорлик мувозанатини босқичма-босқич тиклаш, Ўзбекистоннинг инновацион ва юқори технологияли лойиҳалардаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек гуманитар ва таълимий алмашинувини фаоллаштириш билан боғлиқ. Транспорт ва логистика йўлакларини мустаҳкамлаш, қўшма ташаббусларни халқаро бозорларга интеграция қилиш ҳамда сиёсий ишончни янада кучайтириш шерикликни иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқалар, хавфсизлик ҳамда минтақавий кооперацияни қамраб олган тўлақонли стратегик моделга айлантириши мумкин.

Мутахассислар баҳолашича, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси Хитойнинг ривожланиш режалари билан муваффақиятли уйғунлашмоқда. Келгусида икки мамлакат нафақат доимий равишда ўзаро тажриба алмашади, балки қўшни давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг синовдан ўтган моделини кенг татбиқ этиш орқали Марказий Осиё минтақаси барқарор ривожига ҳам салмоқли ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Шу аснода ХХРда содир бўлаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни мунтазам кузатиш ва илмий таҳлил қилиш алоҳида аҳамият касб этади. Айниқса, сўнгги йилларда Хитой иқтисодиётнинг янгича ривожланиши, яъни технологик ўсишга асосланган моделга ўтиш бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда. Жорий йил Бутунхитой халқ вакиллари қурултойининг март ойидаги сессиясида ижтимоий-иқтисодий ривожланишга оид янги беш йиллик режа қабул қилиниши кутиляпти. Экспертлар таъкидлашича, 15-чи беш йиллик режа доирасида ички истеъмол талабини рағбатлантириш, технологик мустақилликка эришиш ҳамда инсон капиталига инвестицияни кенгайтириш асосий устувор йўналишлар сифатида белгиланади. Шу билан бирга шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги тафовутни камайтириш муаммосига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги мураккаб халқаро вазиятда, тараққиёт олдида юзага келаётган турли ташқи ва ички чақириқлар шароитида хитойлик олимлар инсон капиталига инвестицияни ошириш орқали одамларга йўналтирилган ривожланиш моделига ўтиш зарурлигини таъкидламоқда.

Мазкур йўналишлар бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ривожланиши учун ҳам жуда долзарб ҳисобланади. Бу борадаги ҳамкорлик, доимий тажриба алмашиш мамлакатларимиз муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Умуман, 2025 йил Ўзбекистон – Хитой муносабатлари барқарор ривожланиш, жадал ўсиш тенденциясини яна бир бор тасдиқлади. Кейинги босқичдаги ривожланиш истиқболи қўшма лойиҳаларни диверсификация қилиш, технологиялар, айниқса рақамли соҳада ҳамкорликни чуқурлаштириш ва гуманитар алмашинувни кенгайтириш билан боғлиқ. Ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши давлатларимиз муносабатини узоқ муддатли тараққиёт ва минтақавий барқарорликка йўналтирилган стратегик шериклик даражасига чиқариши шубҳасиз.

Аббос Бобохонов,
ЖИДУ ҳузуридаги Истиқболли халқаро 

тадқиқотлар институти марказ раҳбари,

Моҳинур Ҳасанова,
ЖИДУ талабаси, Истиқболли халқаро 

тадқиқотлар институти волонтёри