Жадидлар мероси: “Ботмасин чиққан қуёш”
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида "Жадидлар мероси: тарих, тафаккур ва тараққиёт" мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирни Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Мавлуда Хўжаева кириш сўзи билан очар экан, юртимизда маърифатпарвар боболаримизнинг Ватан тараққиёти, миллат равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатларини янада кенг тадқиқ этиш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш, тарғиб этиш ва хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ҳар йили 31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида кенг нишонланаётгани, атоқли маърифатпарварларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланаётгани, минглаб жадид боболаримизнинг номлари оқланганини қайд этди.
— Бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида яқинда давлатимиз раҳбарининг маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашуви ҳамда “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзолангани юртимизда маърифатпарвар ватандошларимиз меросига ва бу меросни муносиб давом эттираётган юртдошларимизга кўрсатилаётган юксак эътибор ва эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди, — деди М.Хўжаева.
Сўнгги йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ҳам маънавий-маърифий ва ижод соҳаларининг ҳуқуқий асослари мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, ноширлик соҳасини ривожлантириш, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим қонунлар қабул қилинди.
Тадбир давомида “Жадидлар кутубхонаси” туркумида чоп этилган китоблар тақдимотлари бўлиб ўтди. Жумладан, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдиновнинг “Миллат фидойилари” ҳамда филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримнинг “Ботмасин чиққан қуёш” китоблари, шунингдек, “Жадид” газетасида чоп этилган энг сара мақола, суҳбат, репортаж ва бадиий асарлар жамланиб, нашр этилган “Тилда, фикрда, ишда бирлик!” номли тўпламнинг тақдимоти ўтказилди.
Сўзга чиққан олимлар ва депутатлар мазкур асарлар китобхонлар қатлами, шу жумладан, депутатлар учун ҳам жуда муҳим манба, ёшлар учун ватанпарварлик, миллатга садоқат ва маърифат мактаби, тадқиқотчилар учун эса зарур илмий ахборотлар тўплами бўлишини алоҳида эътироф этди.
Отабек Ҳасанов, Республика Маънавият ва маърифат маркази директори:
— Одамлар қанчалик маърифатли бўлсалар, шунчалик эркиндирлар. Инсон қанча эркин бўлса, шунча маърифатли бўлишга интилади. Адабиётшуносларимиз томонидан айтилган бу сўзлар замирида катта маъно мужассам. Маърифатга, маънавиятга интилган ҳар бир инсон ўзини эркин ҳис қилади. Бугун халқ вакиллари ҳар соҳадан хабардор, функционал бўлиши талаб этилади. Шу маънода жадидчилик фаолиятига оид мақолалар жам бўлган, олимларнинг илмий изланишлари акс этган китоблар муҳим қўлланма бўла олади. Аждодлар меросини миллий қадриятларимиз, анъаналаримизни сақлаган ҳолда замонавий усуллар билан ёшларимизга етказиб беришимиз керак.
Шунингдек, тадбирда Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим, адабиётшунос олим Олимжон Давлатов, “Жадид” газетаси бош муҳаррири Иқбол Мирзо ва депутатлар сўзга чиқиб, тақдимот қилинган китоблар, жадидчилик ҳаракатининг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир якунида меҳмонлар замонавий парламент кутубхонаси, Қонунчилик палатасининг музейи билан ҳам яқиндан танишди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА