Хорижий инвестиция ва илғор тажриба
Энергетика инфратузилмасининг барқарорлиги ва самарадорлиги ҳар қандай ҳудуднинг иқтисодий тараққиёти, аҳоли турмуш фаровонлиги ҳамда ишлаб чиқариш салоҳиятини белгилайдиган муҳим омиллардан биридир. Шу боис мамлакатимизда электр энергетикаси тизимини модернизация қилиш, тармоқларга хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш, замонавий технологиялар ва илғор бошқарув усулларини жорий қилишга стратегик вазифа сифатида қаралмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам айнан шу мақсадга — ишончли, тежамкор ва замонавий энергетика тизимини шакллантиришга қаратилган. Айниқса, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, давлат-хусусий шериклик механизмларидан самарали фойдаланиш ва хорижий компанияларнинг илғор тажрибасини миллий иқтисодиётга олиб кириш бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро вилоятида ҳам ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг Туркиянинг “Eksim Holding” компанияси директорлар кенгаши раиси Эбубекир Тивникли бошчилигидаги делегация билан учрашуви ҳам ана шу мақсадларга хизмат қиладиган истиқболли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилишга қаратилди.
Мулоқотда компания вакиллари ўз фаолияти, амалга ошираётган лойиҳалари, электр энергетикаси соҳасида тўплаган тажрибаси ва инвестициявий имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Учрашувда компания вакиллари Бухоро вилоятида электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, замонавий технологиялар асосида янгилаш ва хусусий бошқарувга ўтказиш орқали соҳага инвестициялар жалб этишдан манфаатдор эканликларини билдиришди.

Бу таклифнинг аҳамияти шундаки, энергетикада фақат янги қувватларни ишга тушириш эмас, балки мавжуд тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш, электр энергияси йўқотишларини камайтириш ва истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳам долзарб вазифадир. Зеро, ишлаб чиқарилган электр энергиясини истеъмолчига узлуксиз ва ортиқча йўқотишларсиз етказиб бериш тизимнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳудуднинг энергетика соҳасидаги салоҳияти, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Шунингдек, “яшил” энергетика улушини ошириш, энергия сақлаш тизимларини кенг жорий этиш, замонавий аккумулятор қурилмалари сонини кўпайтириш ва ушбу йўналишларда истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Бухоронинг қуёш энергияси салоҳияти юқорилиги, саноат ва хизмат кўрсатиш тармоқларининг жадал ривожланаётгани энергетика инфратузилмасига бўлган талабни ҳам оширмоқда. Шу нуқтаи назардан, тақсимлаш тармоқларини янгилаш ва энергияни сақлаш технологияларини жорий этиш нафақат бугунги эҳтиёжни қондириш, балки ҳудуднинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам энергетик замин яратишга хизмат қилади.
“Eksim Holding” таркибидаги “Dicle Elektrik” компаниясининг тажрибаси бу борада алоҳида эътиборга молик. Мазкур компания 2013 йилда хусусийлаштириш жараёнида харид қилинган бўлиб, Туркиянинг жануби-шарқидаги олтита вилоятда электр энергиясини тақсимлаш хизматларини кўрсатади. Айни пайтда 2,5 миллиондан ортиқ абонентга хизмат кўрсатмоқда.
Компания электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини модернизация қилишга қарийб 45 миллиард турк лираси миқдорида инвестиция киритган. Бунинг натижасида электр энергияси йўқотишлари ва ноқонуний истеъмол даражаси 2013 йилдаги 76 фоиздан 2024 йилда 42 фоизгача камайтирилган.

Бу рақамлар тармоқларни модернизация қилиш, замонавий ҳисобга олиш технологияларини жорий этиш ва самарали бошқарув орқали соҳада сезиларли натижаларга эришиш мумкинлигини кўрсатади.
Шунингдек, “Eksim Enerji” компанияси шамол, қуёш ва гидроэнергетика йўналишларида фаолият юритади. 2025 йил якунига кўра, компаниянинг ушбу соҳалардаги умумий ўрнатилган қуввати қарийб 1,2 гигаваттни ташкил этган.
Учрашув давомида электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш, хусусий сектор инвестицияларини жалб этиш, соҳада илғор бошқарув тажрибасини жорий қилиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Энг муҳими, бундай ҳамкорлик ташаббуслари энергетика соҳасига шунчаки инвестиция киритиш билан чекланмайди. Уларнинг амалий натижаси тармоқлар ишончлилигини ошириш, электр таъминотидаги узилишларни камайтириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароит яратишда намоён бўлади.
Томонлар Бухоро вилояти энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, унинг ишончлилиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган инвестициявий ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқдилар.
Мазкур учрашув ҳудудда энергетика соҳасини модернизация қилишда халқаро тажриба ва хусусий инвестициялардан фойдаланиш, Бухоронинг иқтисодий салоҳиятига мос замонавий инфратузилмани шакллантириш йўлидаги муҳим мулоқотлардан бири бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири