Ўзбекистонлик ёшларнинг навбатдаги ютуғи
Халқаро иқтисод олимпиадасида (IEО 2026) дунёнинг 60 га яқин мамлакатидан 250 дан ортиқ энг иқтидорли ёш иқтисодчилар қатнашиб, юртимиз терма жамоаси аъзолари ҳам ушбу билимлар мусобақасида муваффақиятга эришди.
Ўзбекистонлик ёшлар мазкур халқаро олимпиадада умумий ҳисобда 2 та медални қўлга киритди. Жумладан, Қарши шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Аслиддин Бойназаров ҳамда Нукус шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Нурлибай Алимжанов бронза медалларига сазовор бўлди.
Юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Айтиш керакки, Халқаро иқтисод олимпиадаси илк бор 2018 йилда Москва шаҳрида ташкил этилган. Ўзбекистон ушбу нуфузли олимпиадада 2024 йилдан буён мунтазам иштирок этиб келмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА