Тошкент МБИР халқаро маслаҳат кенгаши йиғилишига мезбонлик қилади
Жорий йилнинг сентябрь ойида пойтахтимизда МБИР (Кўп мақсадли тадқиқот реактори) негизидаги Халқаро тадқиқот маркази маслаҳат кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Ушбу нуфузли анжуман Ўзбекистоннинг ядро технологиялари соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади. Ядро физикаси институти МБИР билан боғлиқ халқаро консорциумга биринчилардан бўлиб қўшилгани эса мамлакатимиз олимлари учун жаҳон даражасидаги илмий инфратузилмадан фойдаланиш имкониятини очди.
МБИР лойиҳаси бугунги кунда ядро технологиялари соҳасидаги энг йирик халқаро ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Лойиҳанинг илмий аҳамияти, Ўзбекистоннинг ундаги иштироки ҳамда бўлажак йиғилишнинг моҳияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори, академик Илҳом Содиқов қуйидагиларни гапириб берди:
– Мазкур йиғилишнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимиз илмий мактабининг янги авлод ядро технологияларини ривожлантиришга қаратилган халқаро лойиҳалардаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Ядро физикаси институти МБИР билан боғлиқ халқаро консорциумга биринчилардан бўлиб қўшилди. Консорциумга аъзолик олимларимизга жаҳон даражасидаги илмий қурилмадан фойдаланиш имконини беради.
МБИР эса янги авлод илмий-тадқиқот қурилмаси бўлиб, ишга туширилгач, материалларни синаш, радиоизотоплар олиш, ядро-физика ҳисоб-китобларини текшириш ҳамда келажак атом энергетикаси технологияларини ривожлантириш бўйича жаҳон миқёсидаги етакчи илмий майдонлардан бирига айланади.
МБИР - Димитровград шаҳридаги Атом реакторлари илмий-тадқиқот институти ҳудудида қурилаётган кўп мақсадли тез нейтронли тадқиқот реактори. Институт атом реакторларини тадқиқ этишга ихтисослашган дунёдаги энг йирик муассаса ҳисобланади. Айни пайтда унинг ҳудудида олтита тадқиқот реактори ишлаб турибди. МБИР ишга туширилгач, уларнинг сони еттитага етади. Бу ерда қуввати 100 МВт бўлган, дунёдаги энг йирик тадқиқот реакторларидан бири - СМ-3 ҳам фаолият юритмоқда. МБИРнинг қуввати эса 150 МВтни ташкил этади. СМ-3 нисбатан паст энергияли оралиқ нейтронларда ишласа, МБИР юқори энергияли тез нейтронларда ишлайди.
Реакторни 2028 йилга қадар ишга тушириш режалаштирилган. “Росатом”даги ҳамкасбларимизнинг айтишича, ишлар ҳатто белгиланган жадвалдан ҳам илгарилаб бормоқда. МБИР дунёдаги энг юқори қувватга эга тез нейтронли тадқиқот реактори бўлади. Яқинда МБИР кўрсаткичларини биздаги реактор кўрсаткичлари билан таққослаб кўрдим. МБИРда нейтронлар оқими бир неча юз марта кўп, нейтронлар энергияси эса биздаги реакторга нисбатан бир неча ўн минг марта юқори бўлади.
Консорциум таркибига МБИР Халқаро тадқиқот марказининг маслаҳат кенгаши ҳам киради. У илмий сиёсатни белгилайди ва реакторда амалга ошириладиган тадқиқотлар дастурини шакллантиради. Консорциумга қўшилиш тўғрисидаги расмий ҳужжат 2022 йил ноябрь ойида Сочи шаҳрида бўлиб ўтган “Атомэкспо” форуми доирасида имзоланди. 2025 йил июль ойида эса қўшимча келишув ва консорциумга қўшилиш шартлари расмийлаштирилди.
МБИР реакторига дунё миқёсида қизиқиш жуда катта. Ҳозирги кунда тез нейтронларда ишлайдиган бир нечта тадқиқот қурилмалари мавжуд, аммо улардаги нейтронлар оқими МБИРдагига нисбатан ўнлаб марта кам. Яқин ўн йилликларда дунёнинг бошқа бирор жойида шундай кўрсаткичларга эга тадқиқот қурилмаси пайдо бўлиши эҳтимоли жуда паст.
Маслаҳат кенгашининг учинчи йиғилиши Тошкентда ўтказилиши маълум бўлгач, турли мамлакатлар мутахассислари унда иштирок этиш истагини билдирди. Йиғилишда қарийб 100 нафар иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, МБИР олимларимизга реакторнинг тажриба каналларидан фойдаланиш имконини беради. У ишга туширилгач, янги радиоизотоплар ишлаб чиқариш, материалларнинг юқори нейтрон оқимлари таъсиридаги хусусиятларини ўрганиш бўйича тадқиқотлар ўтказиш мумкин бўлади. Мамлакатимиздаги мавжуд реактор имкониятлари бундай тадқиқотларни тўлиқ амалга ошириш учун етарли эмас. Шунинг учун бизда икки-уч ҳафта талаб этадиган айрим натижаларни МБИРда бир неча соат ичида олиш имконияти пайдо бўлади.
Ядро технологиялари илм-фаннинг энг илғор, юқори технологияли ва айни пайтда энг жадал ривожланаётган соҳаларидан биридир. Улар энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб тармоқларда туб янгиликларга асос бўладиган натижаларга эришиш имконини беради. Бу соҳада яқин истиқболнинг ўзидаёқ аниқ амалий натижаларни кўриш мумкин.
Мазкур йиғилиш йирик халқаро илмий тадбир бўлиши билан бирга, Ўзбекистон учун муҳим амалий аҳамиятга ҳам эга. У мамлакатимиз олимларининг янги авлод реакторида амалга ошириладиган тадқиқотлар дастуридаги иштирокини кенгайтиради ва миллий илмий мактабнинг илғор ядро технологиялари соҳасидаги халқаро нуфузини янада мустаҳкамлайди.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.