Ўзбекистон гидроэнергетика салоҳияти Минскда намойиш этилди
Бу ҳақда "Ўзбекгидроэнерго" АЖ ахборот хизмати хабар берди. Маълум қилинишича, Минск шаҳрида 27-30 октябрь кунлари 30-юбилей Беларусь энергетика ва экология форуми ҳамда "EnergyExpo-2026" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.
Унда "Ўзбекгидроэнерго" АЖ ва унинг таркибидаги "UzHydroPower" корхонаси вакиллари ҳам иштирок этиб, мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида эришилган натижалар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболли лойиҳаларни тақдим этди.
Шунингдек, "UzHydroPower" корхонасининг ишлаб чиқариш имкониятлари, замонавий гидроэнергетика ускуналарини тайёрлаш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда миллий лойиҳаларни технологик ечимлар билан таъминлаш борасидаги фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Мазкур нуфузли халқаро тадбир Ўзбекистоннинг гидроэнергетика салоҳиятини жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва соҳада янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш учун муҳим имконият яратди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА