Бугун “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги ижро аппарати масъуллари ва Хитой Халқ Республикасининг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси бошқаруви раиси котиби Оуянг Хонг раҳбарлигидаги компания вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар ушбу соҳа ривожида муҳим омил эканини қайд этди. Бугун икки компания томонидан имзоланган инновацион лойиҳалар асосида локализация ва маҳаллийлаштириш дастури доирасида гидроагрегатларни юртимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик меморандуми ана шундай алоқаларнинг мантиқий давомидир.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида, хусусан, микро ГЭСларни кенг кўламли қуриш ва зарурий гидроагрегатларни маҳаллийлаштириш борасида улкан ишга қўл урилди. Яъни, Хитой Халқ Республикасининг гидроэнергетика соҳасида 60 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси билан изчил ҳамкорликда юртимизда Марказий Осиё мамлакатларида ягона ҳисобланган қуввати 2-15 МВтгача бўлган гидроагрегатларни ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилмоқда. Мазкур хорижий компания нафақат республикамизнинг гидроэнергетика соҳаси учун гидроагрегатларни ишлаб чиқаради, балки қўшни давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва бошқа давлатлар учун ҳам гидроагрегатлар ишлаб чиқаради.
“Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси бошқаруви раиси котиби Оуянг Хонг ўз сўзида ушбу ҳамкорлик меморандуми доирасида самарали ишлар қилинишига урғу берди.
– Яқинда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Ҳиндистоннинг “MACLEC technical project laboratory pvt. LTD” компанияси билан ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди, – деди “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Авазбек Зокиров. – Меморандум импорт ҳажмини қисқартириш ва мамлакатимизда кичик ва микро ГЭСлар учун гидроагрегатлар “Made in Uzbekistan” миллий бренди асосида ишлаб чиқарилиши йўлида ҳуқуқий асосдир. Бугун имзоланган ҳамкорлик меморандуми ҳам гидроэнергетика соҳасини ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Мазкур ҳужжатга асосан эндиликда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Хитойнинг “Zhejiang Jinlun Electromechanic Co., Ltd.” компанияси билан ҳамкорликда ҳар бир лойиҳа учун индивидуал ва эксклюзив бўлган гидроагрегатларни лойиҳалаштиради. Мазкур гидроагрегатлар “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг тизим ташкилоти ҳисобланган “Сувсаноатмаш” АЖ заводида ишлаб чиқарилади.
Шунингдек, учрашувда ушбу ҳамкорлик юқори инновацион технологик қурилмаларнинг мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида илк бор ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиши маҳаллийлаштириш доирасида келгуси истиқболда молиявий сарф-харажатларни иқтисод қилишга, сифатли ва замонавий стандартларга асосланган агрегатлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда катта имконият яратиши қайд этилди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири