Ўзбекистон-Германия ҳукуматлараро музокаралари муваффақиятли якунланди
Германия ва Ўзбекистон ривожланиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олди. Бу ҳақда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ривожланиш соҳасидаги ҳукуматлараро музокаралар икки давлат ўртасида 30 йилдан ортиқ вақт давомида шаклланган ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Томонлар барқарор иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ҳимоя, қонун устуворлиги, иқлим ва энергетика соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни давом эттиришга келишиб олди. Ушбу мақсадлар учун Германия томонидан 71 миллион евро ажратилиши белгиланди.
Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги бўлим бошлиғи, делегация раҳбари Кристиан Амари Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён иқтисодий жиҳатдан жадал ривожланаётганини таъкидлади. Шунингдек, у икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик барқарорлик ва ўзаро ишонч тамойилларига асосланганини қайд этди.
Германия келгусида ҳам Ўзбекистоннинг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга оширишини ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишини қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу жараёнда икки томонлама лойиҳалар, минтақавий ташаббуслар ҳамда «Европа жамоаси» (Team Europe) доирасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.
Германиянинг KFW тараққиёт банки, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва Физика-техника федерал институти (PTB) томонидан Германия Федерал ҳукумати топшириғи асосида амалга оширилаётган лойиҳалар Ўзбекистоннинг қатор устувор йўналишларини қамраб олади.
Жумладан, савдо ва хусусий секторни ривожлантириш, касб-ҳунар таълимини Германиянинг дуал таълим модели асосида модернизация қилиш, иқлимни муҳофаза этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш шулар жумласидандир.
Шунингдек, барқарор энергия таъминотини таъминлаш учун электр узатиш тармоқларини кенгайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Германиянинг ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлигида муҳим шерик бўлиб қолади. Эришилган келишувлар икки мамлакатда иқтисодий ва ижтимоий тараққиётни қўллаб-қувватлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Камола Юсупова, ЎзА