Ўзбекистон – Европа муносабатлари ЎзА нигоҳида
Ўзбекистон ва Европа минтақаси ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ишонч, умумий манфаатлар ва узоқ муддатли стратегик шериклик тамойилига асосланган. Мазкур жараён нафақат иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, балки минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, глобал муаммоларни биргаликда ҳал этишда ҳам муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан ўлкамиз ва Европа давлатлари ўртасидаги муносабатни таҳлил қилиш, мавзунинг асосий йўналишлари ва истиқболини ўрганиш алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон-Италия: аграр соҳадаги ҳамкорлик янги босқичда
“Италия – Марказий Осиё + Озарбайжон” халқаро форуми доирасида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Италия қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат суверенитети ва ўрмон хўжалиги вазири Франческо Лоллобрижида билан музокара ўтказди. Учрашувда аграр соҳадаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, уни янги босқичга олиб чиқиш, Италия тажрибасини Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мулоқотда илм-фан ва таълим йўналишидаги ҳамкорлик, жумладан, Италия университетлари билан қўшма дастурлар ва тадқиқотларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Қолаверса, қишлоқ хўжалигини механизациялаш, замонавий технологияларни жорий этиш, экспорт-импорт алоқаларини кенгайтириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали соҳани модернизация қилиш истиқболлари белгилаб олинди.
Ўзбекистон-Венгрия: сиёсий мулоқот ва ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Будапешт шаҳрида Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов ҳамда Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги давлат котиби ўринбосари Адам Штифтер ўртасида музокара бўлиб ўтди. Учрашувда жорий йилда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, турли даражадаги ўзаро ташрифлар ва маданий тадбирларни ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва икки томонлама ҳужжатларни келишиш жараёнларини жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, музокаралар якунида Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни изчил ривожлантиришга тайёр эканликларини маълум қилишди.
Тошкент ва Стокгольм ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Ўзбекистоннинг Швециядаги элчиси Раҳматулла Нуримбетов Стокгольм шаҳри вице-мэри Андерс Остерберг билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА. Таъкидланишича, мулоқотда Тошкент ва Стокгольм ўртасида тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини йўлга қўйиш, мавжуд ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, иқтисодиёт, савдо, инновациялар, маданият ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
Йиғинда Стокгольмда яшаб, меҳнат қилаётган ўзбек диаспорасининг жамиятдаги ўрни ва ролига алоҳида эътибор қаратилди. Вице-мэр Андерс Остерберг ўзбекистонликларнинг шаҳар иқтисодиётидаги фаолиятини юқори баҳолади. Томонлар муҳокама қилинган йўналишларда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма ташаббусларни илгари суришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон-Польша: аграр соҳадаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази раҳбарияти ҳамда Польша барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат уюшмаси директори Олаф Хорбанчук ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди. Унда қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни жорий этиш, юқори сифатли уруғчилик тизимини шакллантириш ва барқарор аграр ишлаб чиқаришни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Польша тажрибасини Ўзбекистон шароитига мослаштириш, инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратдилар. Учрашув якунида мутахассислар малакасини ошириш, тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорлик меморандумини тайёрлаш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистонлик тадқиқотчилар Франциядаги “CIRAD” марказида малака оширади
Ўзбекистон элчиси Нодир Ғаниев Париж шаҳрида Франциянинг нуфузли “CIRAD” — Агрономик тадқиқотлар ва тараққиёт халқаро маркази бош директори Элизабет Клавери де Сен-Мартен билан учрашув ўтказди. Музокараларда қишлоқ хўжалигини барқарор ва инновацион ривожлантириш, ерлар унумдорлигини ошириш ҳамда сув ресурсларини самарали бошқариш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар барқарор пахтачилик, чорвачиликни ривожлантириш, шўрланган ерларни тиклаш ва агроэкологик ташаббусларни амалга ошириш йўналишларига алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларнинг Монпеледаги “CIRAD” илмий базасида малака ошириши, халқаро молия институтлари иштирокида қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон-Европа: иқтисодий дипломатия самарадорлиги Сенатда муҳокама қилинди
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистоннинг Буюк Британия, Бельгия, Италия ва Испаниядаги элчилари ҳисобот берди. Унда хорижий давлатлар билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, инвестиция ва грантларни жалб қилиш, экспортни кенгайтириш, янги бозорларни очиш ҳамда сайёҳлар оқимини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Муҳокамаларда иқтисодий дипломатияни кучайтириш, транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш, хорижий университетлар филиалларини очиш ва меҳнат миграциясини диверсификация қилиш каби устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, дипломатик ваколатхоналарнинг давлат идоралари ва ҳудудлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, хориждаги фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари белгиланиб, йиғилиш якунида тегишли қарор қабул қилинди.
Мусулмон Зиё, ЎзА