Метрология соҳасида халқаро стандартлар жорий этилди
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизимидаги Ўзбекистон миллий метрология институти (ЎзММИ) раҳбарияти ва соҳа мутахассислари иштирокида 2025 йил давомида эришилган натижалар ва жорий йилдаги истиқболли лойиҳалар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда институтнинг 2025 йил давомида эришган асосий натижалари, соҳада амалга оширилган халқаро ислоҳотлар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган устувор стратегик вазифалар юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Қайд этилганидек, 2025 йил давомида миллий метрология тизимини халқаро стандартларга мослаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги қонунига Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) битимлари талабларидан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Амалга оширилган мазкур чора-тадбирлар натижасида мамлакатимиз Глобал сифат инфратузилмаси индексида (GQII) ўз позициясини 18 поғонага яхшилаб, дунёнинг 184 та давлати орасида 72-ўринга кўтарилди. Бу эса мамлакатимизда метрология ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини кўрсатади.
[gallery-28367]
Матбуот анжумани давомида институт олимлари томонидан ишлаб чиқариш тармоқлари учун яратилган янги инновацион ишланмалар ҳам намойиш этилди. Жумладан, сув ҳисоблагичларини қиёслаш ускунаси ҳамда барометрларни юқори аниқликда текширишга мўлжалланган замонавий мосламалар тақдим қилинди. Ушбу ишланмалар саноат тармоқларида ўлчаш аниқлигини таъминлаш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, соҳани рақамлаштириш ишлари доирасида “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими (TRIS) орқали 8 турдаги метрологик хизматлар тўлиқ электрон шаклга ўтказилгани маълум қилинди. Бу эса тадбиркорлар учун хизматлардан фойдаланишда шаффофлик ва тезкорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Матбуот анжуманида жорий йилнинг 16 февраль куни қабул қилинган “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ислоҳотларни илғор халқаро амалиёт асосида жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонининг аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Унга мувофиқ, техник регламентларни халқаро талаблар асосида қабул қилиш, бозор назорати тамойилларини жорий этиш ҳамда соҳада рақобат муҳитини шакллантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган.
Белгиланган режага мувофиқ, 2026 йилда институт томонидан 19 та янги юқори аниқликдаги давлат эталонларини харид қилиш режалаштирилган. Бу эса миллий калибрлаш ва ўлчаш имкониятларини 2,5 баробарга ошириш имконини беради. Натижада маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда тан олиниши ва экспорт салоҳиятининг ошишига замин яратилади.
Шу билан бирга, соҳада эскирган қиёслаш тизимидан босқичма-босқич халқаро верификация ва калибрлаш тизимига ўтиш, кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
— 2025 йил давомида институт олимлари томонидан бир қатор инновацион ишланмалар яратилди, — дейди Ўзбекистон миллий метрология институти бўлим бошлиғи Шероз Исматуллаев. — Жумладан, сув ҳисоблагичларини қиёслаш ускунаси ҳамда барометрларни юқори аниқликда текширишга мўлжалланган замонавий мосламалар ишлаб чиқилди. Бу ускуналар саноат тармоқларида ўлчаш аниқлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда маҳсулот сифатига ижобий таъсир кўрсатади.
Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА