Ўзбекистон делегацияси Ҳиндистонда 45 та ноёб қўлёзма нусхасини қўлга киритди
Абу Али ибн Синонинг илмий меросини ўрганиш, тарғиб қилиш мақсадида Ибн Сино жамоат фонди ташаббуси билан 2026 йилнинг 9-15 ноябрь кунлари Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли, Ғозиобод ва Алигарҳ шаҳарларига 1-Халқаро илмий экспедицияси йўлга қўйилди. Эскпедиция аъзолари Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати, Алигарҳ шаҳрида жойлашган буюк бобокалоним номи билан аталувчи Ибн Сино академиясида ҳам бўлишди. Аҳамиятлиси шундаки, академия Ибн Сино кўчасида жойлашган. Шунинг ўзиёқ аждодларимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиром жаҳоний аҳамият касб этишилан далолатдир.
Академия Ҳиндистонда буюк қомусий олим Абу Али ибн Синонинг илмий меросини ўрганиш, тарғиб қилиш ва ўрта аср тиббиёти тарихини тадқиқ этиш билан шуғулланувчи муҳим илмий-маданий муассасалардан биридир. Ушбу академия Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги тарихий, илмий ва маданий алоқаларни ўрганиш нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Ибн Сино академиясига 2001 йилда профессор Ҳаким Саййид Зиллур Раҳмон томонидан асос солинган бўлиб, 2004 йилда Ҳиндистон ҳукуматининг AYUSH департаменти томонидан аккредитациядан ўтказилган, 2008 йилда эса «Centre of Excellence» — «Намунали илмий марказ» мақомини олган.
Академия Ибн Синонинг тиббиёт ва фалсафага оид илмий меросини ўрганиш, ўрта аср Шарқ тиббиёти тарихини тадқиқ этиш, қадимий араб, форс ва бошқа тиллардаги қўлёзмаларни сақлаш. Шарқ анъанавий тиббиёти тарихини ўрганиш, илмий анжуманлар, семинарлар ва халқаро конференциялар ташкил этиш, илмий китоблар ва журналлар нашр қилиш билан шуғулланади.

Ҳиндистонлик таниқли олим, Шарқ тиббиёт мутахассиси, тарихчи ва нодир китоблар тўпловчиси ҳисобланган Ҳаким Саййид Зиллур Раҳмон шахсий кутубхона ва музей тўпламини 1960-йиллардан шакллантира бошлаган. Кейинчалик ушбу бойликлар академиянинг асосий илмий меросига айланган. Академия кутубхонасида араб, форс, урду, санскрит, ҳинд ва инглиз тилларидаги 30 мингдан ортиқ китоб ва 20 мингга яқин журнал, шунингдек, мингга яқин қўлёзма мавжуд бўлиб, улар орасида юртимиз алломаларига тагишли бўлган асарлар ҳам талайгина.
Ўзбекистон делегацияси 13 ноябрь куни Ибн Сино Академияси академияга ташриф буюрди ва самарали музокаралар ўтказди. Учрашув давомида Академия раҳбари Ҳаким Саййид Зиллур Раҳмон Ибн Сино жамоат фонди кутубхонасига Ўзбекистон ҳудудига оид Ўрта асрларда яшаб ижод қилган олим ва мутаффакирларнинг 45 та ноёб қўлёзмалар нусхаларини электрон ва босма шаклларда ҳадя қилди. Ушбу ноёб манбалар Ибн Сино жамоат фонди ва Ибн Сино Академиясининг 15 йиллик илмий дўстона ҳамкорлик натижаси, ўзбек олимлари ва халқига чуқур ҳурмат белгисидир.
Холиёр Сафаров,
“Ўзбекистон тарихи” телеканали бош муҳаррири,
Ҳиндистон, Алигарҳ.