Ўзбекистон чемпионатида стол теннисчилар сараланди
Ўзбекистон стол тенниси федерациясида 15 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги мамлакат чемпионати ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Бир неча кун давомида мамлакатимизнинг энг иқтидорли ёш стол теннисчилари ғолиблик учун баҳс олиб борди. Қизиқарли ва муросасиз кечган беллашувлар якунларига кўра, қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларида Андижон вилояти вакили Дилнавоз Амонова чемпионга айланган бўлса, самарқандлик Дилхумор Камолова кумуш медалга сазовор бўлди. Бронза медаллари Адия Тошмуҳаммадова ва Элеанора Шираевага насиб этди.
Ўғил болалар ўртасида эса Раҳматуллоҳ Абдурашидов, Алихон Камолов, Шоҳжаҳон Турсунбоев ҳамда Асилбек Комилов шоҳсупага кўтарилди.
Қизлар жуфтлигида Андижон вилояти вакиллари Одинахон ва Дилоромхон Арслонова олтин медалга сазовор бўлди.

Ўғил болалар жуфтлигида эса Мухторали Исмоилов ҳамда Шаҳриёр Шавкатов мамлакат чемпионига айланди. Аралаш жуфтлик баҳсларида Сирдарё вилояти вакиллари Акбаржон Арзиев ва Сарвиноз Бўрибоева биринчи ўриндан жой олди.
Жамоавий баҳсларда қизлар ўртасида Сирдарё вилояти жамоаси, ўғил болалар баҳсида Фарғона вилояти жамоаси чемпион, дея эътироф этилди. Аралаш жамоалар ўртасидаги мусобақада эса Қашқадарё вилояти жамоаси ғолиб деб топилди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА