Осиё курашчиларининг нигоҳи Душанбега қаратилган
Кеча Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида кураш бўйича катталар ўртасидаги XV Осиё чемпионати ва Осиё кураш конфедерациясининг VIII конгресси олдидан ташкилий қўмитанинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда иштирок этган Халқаро кураш ассоциацияси, Осиё кураш конфедерацияси, Тожикистон ва Ўзбекистон кураш федерацияси раҳбарлари, ташкилий қўмита аъзолари Марказий Осиё халқларининг миллий қадрияти - курашнинг халқаро ривожида қитъа чемпионатлари ва унинг доирасида ўтказиладиган семинар ва амалий машғулотларнинг алоҳида ўрни борлиги таъкидланди.
Шунингдек, чемпионат ва Осиё кураш конфедерацияси конгресси, ҳакам ва мутахассислар учун белгиланган семинарларга тайёргарликнинг барча йўналишлари бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Хусусан, мусобақаларни ўтказиш, делегацияларни қабул қилиш, транспорт, меҳмонхоналар, хавфсизлик, тиббий хизмат, медиа ва трансляция бўйича амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди.
Бугун, 12 июнь куни қитъа чемпионати дастурига мувофиқ, Душанбе шаҳридаги “Hyatt Regency Dushanbe” меҳмонхонасида Осиё кураш конфедерацияси бошқарув қўмитаси йиғилиши ва VIII конгресси бўлиб ўтади.
Мазкур анжуманларда кураш спортининг халқаро ривожи, Японияда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган кураш мусобақалари, шу йил 27 июль — 10 август кунлари ўтадиган “ISSYK-KUL 2026” халқаро ўқув-машғулот йиғини, Тошкентда жорий йил сентябрь ойида ҳарбийлар ўртасида ташкил этиладиган “1st CISM World Military Kurash Challenge” мусобақаси, Қирғизистонда уюштириладиган VI Жаҳон кўчманчилар ўйинларига ҳозирлик каби ўнлаб масалалар кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Айтиш лозим, кураш бўйича ўтказилаётган бу галги қитъа биринчилигида 25 тадан зиёд давлатнинг энг маҳоратли курашчилари Осиё чемпионлигини қўлга киритиш учун гиламга чиқади.
Мазкур нуфузли мусобақа нафақат қитъа чемпионлиги учун баҳс, балки XX ёзги Осиё ўйинлари олдидан миллий терма жамоалар учун муҳим тайёргарлик ва синов майдони вазифасини ўташи билан ҳам аҳамиятли.
Белгиланган режага биноан кураш бўйича XV Осиё чемпионати беллашувларига эртага, 13 июндан старт берилади.
Чемпионатнинг илк кунида эркаклар 60, -66, -73, -81 килограммда, хотин-қизлар -70, -78, -87 ва +87 кило вазн тоифаларида беллашади.
Иккинчи куни, яъни биринчиликнинг сўнгги кунида полвонлар қолган вазн тоифаларида Осиёнинг энг кучлиси бўлиш учун ўзаро рақобатлашади.
Эслатиб ўтамиз, миллий спортимиз кураш бўйича ўтказилаётган қитъа чемпионатида Ризамат Солиев ва Дилфуза Раҳматова етакчилигидаги Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоаси аъзолари ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга ҳозирланмоқда.
Т. Рўзиев,
ЎзА