Ўзбекистон чемпионатида энг кучли ёш стол теннисчилар сараланди
Стол тенниси бўйича U-11 ёш тоифасидаги Ўзбекистон чемпионати ўз якунига етди.
Бир неча кун давомида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган ёш спортчилар ғолиблик учун кураш олиб борган мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди.
Унда Ўзбекистон стол тенниси федерацияси бош котиби Ғ.Муқаддасова ҳамда федерация ижрочи директори Ҳ.Каримов иштирок этиб, чемпион ва совриндорларга медаль, диплом ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

Аралаш жамоавий баҳсларда Тошкент шаҳри жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Қашқадарё вилояти вакиллари иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Андижон ҳамда Самарқанд вилояти жамоалари бронза медалларига сазовор бўлди.
Қизлар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида Тошкент вилояти спортчилари шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Андижон вилояти кумуш медални қўлга киритган бўлса, Фарғона ва Сирдарё вилояти вакиллари учинчи ўринни банд этди. Ўғил болалар жуфтлик баҳсларида Самарқанд вилояти теннисчилари чемпионликка эришди. Сирдарё вилояти иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Фарғона ва Сурхондарё вилояти жуфтликлари бронза медалларини қўлга киритди.

Қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларида Наманган вилояти вакили Нафисахон Орифхонова олтин медалга сазовор бўлди. Тошкент вилояти спортчиси Диёра Азизова кумуш медални қўлга киритди. Айдана Камалова ва Суҳайло Салимова эса мусобақани учинчи ўрин билан якунлади.
Ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳсларида Андижон вилояти вакили Амир Шириев чемпионликни қўлга киритди. Тошкент вилояти спортчиси Элбек Нурсаев иккинчи ўринни эгаллади. Наманган вилоятидан Анваржон Орифхонов ҳамда Сирдарё вилояти вакили Виктор Попов бронза медаллари соҳибига айланди.
Шу тариқа, мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган ёш спортчилар иштирокида ўтган чемпионат келажакда миллий терма жамоа учун муносиб захирани шакллантириш йўлида муҳим аҳамият касб этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА