Мамлакатимизда сўнгги йилларда юқори сифатли чарм, пойабзал, чарм-атторлик маҳсулотлари, шунингдек, мўйна ва жундан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, соҳада замонавий технологияларни жорий этиш борасида самарали ишлар йўлга қўйилган.
Ушбу соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2024 йил 20 майдаги “Чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик тармоқларини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизда чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик соҳалари янада ривожланди.
Мазкур қарорга асосан, юртимизда банкларга чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик саноати йўналишидаги экспортчи корхоналарнинг экспорт шартномаси бўйича тўлов талаб қилиш ҳуқуқини жумладан, «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ маблағлари ҳисобидан банк хизматлари учун харажатларни чегирган ҳолда сотиб олишга рухсат берилди.
Шунингдек, “А” ва ундан юқори тоифадаги чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик саноати йўналишидаги экспортчи корхоналарга аккредитивни гаровга олган ҳолда унинг 70 фоизи миқдорида ажратиладиган кредитлар учун банкларга “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан маблағ тақдим қилиш тизими жорий қилинди.
Қолаверса, маҳаллий гилам маҳсулотларини халқаро кўргазмаларга чиқаришда 300 квадрат метргача бўлган майдонлар учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари татбиқ этилди. Пойабзал, чарм-атторлик, жундан тайёрланган ва мўйначилик маҳсулотлари ҳақида маълумотларни Электрон кооперация порталига ва Давлат харидлари махсус ахборот порталига жойлаштириш ушбу маҳсулотларни маҳаллийлаштириш даражаси камида 30 фоиз бўлган тақдирда бериладиган товарнинг келиб чиқиш сертификати асосида амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 27 декабрда имзоланган “Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эса чарм саноатини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Ушбу ҳужжатга асосан, мамлакатимизда жорий йилнинг 1 январидан 2028 йилнинг 1 январига қадар тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати йўналишларида ишлаб чиқариш фаолиятини юритаётган ҳамда тегишли шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи ва ўзларининг ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди. Бу Ўзбекистонда чарм саноатини ривожлантириш учун катта имкониятдир. Чарм саноатининг фойда солиғи ставкаси 1 фоизга камайтирилиши, тадбиркорлар учун айни вақтда иқтисодий оғирликларни енгишда катта ёрдам беради. Камайган солиқ юки янги инвестициялар киритиш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва сифатни ошириш учун манбалар тақдим этади.
Тадбиркорлар солиқлардан олинган фойда билан замонавий технологияларни жорий қилиш, янги автоматлаштирилган линияларни ўрнатиш, ишлаб чиқариш жараёнларини самарали ташкил қилишга қодир бўлади. Навбатдаги имконият эса иш ўринлари яратиш ва кадрлар тайёрлаш масаласи билан боғлиқдир. Камайтирилган солиқлар ёрдамида чарм саноатининг ишлаб чиқариш ҳажми ошади, бу эса янги иш ўринлари яратиш, шунингдек, юқори малакали кадрларни тайёрлашга катта имконият беради.
Эътиборли жиҳати шундаки, чарм саноатини қўллаб-қувватлаш учун солиқ ставкаларининг пасайиши нафақат тармоқнинг ўзига, балки бутун иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади. Мисол учун, солиқ имтиёзлари, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини арзон ва сифатли ишлаб чиқариш имконини беради. Бу ички ва ташқи бозорда рақобатни кучайтириб, истиқболдаги бозорларга киришни енгиллаштиради.
Бу борада илк натижалар қўлга киритилди. Мисол учун, Андижонда жойлашган “Sino International Invest” МЧЖ хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда аутсорсинг орқали “Nike” бренди остида кроссовкалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани кўпчиликка маълум. Корхона маҳсулотлари бугунги кунда ички бозорга шунингдек, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон бозорларига етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, “Sitonni” ва “Clasica Shoes International” корхоналари Германиянинг “Berkemann”, “Solidus”, “Marc”, “Senbert”, “Everybody”, “Daumling”, “Finn Comfort” брендлари “аутсорсинг” ва “франчайзинг” асосида маҳсулотлар ишлаб чиқариш тўғрисида келишувга эришган. Ҳамкорликдаги ишлар бошлаб юборилган.
Хорижий брендлар билан “аутсорсинг” ва “франчайзинг” форматида маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда 30 га яқин таниқли хорижий брендларни мамлакатимизга жалб этиш чоралари кўриб борилмоқда.
Ушбу жараённи тезлаштириш учун LWG, SLF ва бошқа халқаро ташкилотлар сертификатларини олиш ишлари амалга оширилмоқда. Дунёдаги энг йирик халқаро сертификатлаштириш ташкилотлари – Leather Working Group ва Sustainable Leather Foundation аъзосига айланган “Ўзчармсаноат” уюшмаси бу жараёнларда саноат корхоналарига ёрдам бермоқда. Натижада “Orient Technology” ва “Top Quality Brand” корхоналари LWG сертификатларини олди.
“MM Goodwill”, “Nafis Charm”, “Gold Leather Export Import”, “Peng Sheng Charm” ва “Hamkor Nur Savdo” корхоналари SLF ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Умуман олганда, агар 2024 йилда саноат корхоналари томонидан Европа Иттифоқи давлатларига 9 миллион доллардан зиёд тайёр чарм, пойабзал, чарм буюмлар ва сунъий чарм экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 24,6 миллион долларга етди.
Таъкидлаш жоизки, GSP+ преференциялар тизимидан фойдаланишни 2027 йилга қадар узайтирилгани соҳадаги тадбиркорларнинг Европага чиқишида янада кенг имкониятларни яратиб берди. Бугунги кунда чарм саноатида 10 турдаги маҳсулотлар GSP+ тизими бўйича экспорт қилинаётган бўлса, келгуси йилдан бошлаб бу рўйхатни 30 турга етказиш кўзда тутилган. Шу мақсадда соҳа корхоналарида халқаро сифат менежменти (ISO) сертификатларини олиш бўйича тармоқ режалари тузилган бўлиб, унга мувофиқ, 100 га яқин корхоналар томонидан халқаро сертификат (ISO:9001) ўзлаштиришга эришилган бўлиб, 2024 йилда мазкур турдаги сертификатларни 200 дан зиёд корхоналарга татбиқ қилиш бўйича аниқ режа ва мақсадлар олдинга қўйилган.
Таъкидлаш жоиз, экспорт кўрсаткичларини янада ошириш ва жаҳон брендларини Ўзбекистонга кенг жалб этиш, Ўзбекистон чарм-пойабзал саноатини жаҳон саноатига интеграциялаш бугунги куннинг долзарб масаласидир. Бу вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб қўйилган. Стратегия доирасида мамлакатимиз чарм-пойабзал саноатига 30 дан ортиқ нуфузли хорижий брендларни жалб этган ҳолда тармоқ маҳсулотларининг қўшилган қийматини 5 баробар ошириш вазифаси юклатилган.
Соҳадаги инвестиция жозибадорлигини ошириш ва экспортга йўналтирилган юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича 2023-2025 йилларда умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ 769 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Бу борада ишлар жадал давом этмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, 2030 йилга қадар мамлакатимиз чарм ва чарм-пойабзал соҳасида бунданда катта амалий ишлар қилинади. Хусусан, саноатнинг “драйвер” соҳаларини ривожлантириш ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ишга солиш мақсадида чарм-пойабзал саноатига 30 дан ортиқ нуфузли хорижий брендларни жалб қилиш ҳисобига қўшилган қиймат 5 баробарга оширилади. Келгуси 7 йилда соҳага қаратилган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон чарм ва чарм-пойабзал тармоғи янги бозорларни кашф этади.
“Ўзчармсаноат” уюшмаси матбуот хизматининг маълум қилишича, мамлакатимизда ушбу соҳага қаратилган эътибор натижасида чарм саноатига хорижий сармоя оқими ортиб бормоқда. Хусусан, 2025 йилнинг дастлабки 4 ойида хорижий компаниялар томонидан чарм саноатига 30,1 млн. долларлик инвестиция йўналтирилди. Бу кўрсаткич, белгиланган режадагидан ошиб, +103,4 фоизга ўсишни кўрсатди. Мазкур инвестициялар давлат дастури доирасида амалга оширилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА