Ўзбекистон божхонаси рақамлашмоқда
Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Ян Сандерс Ўзбекистонда божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳани рақамлаштириш борасидаги ишлар ҳамда тадбиркорлар учун яратилаётган замонавий имкониятлар билан танишиш мақсадида Божхона қўмитасига ташриф буюрди.
Меҳмонни Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов кутиб олиб, унинг Ўзбекистонга илк ташрифини қутлади. Ташриф давомида Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби дастлаб Божхона расмийлаштирув маркази фаолияти билан танишди. Бу ерда божхона расмийлаштирув жараёнларини рақамлаштириш, ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштириш, тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар ва замонавий хизмат кўрсатиш механизмлари ҳақида маълумот берилди.

Қайд этиш жоизки, божхона соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий этиш расмийлаштирув жараёнларини тезлаштириш, инсон омилини камайтириш ва тадбиркорларнинг вақт ҳамда харажатларини тежашга хизмат қилмоқда. 2026 йилнинг шу даврига қадар Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 35,5 миллиард АҚШ долларидан ошди. Шу давр мобайнида 715 мингта божхона юк декларацияси расмийлаштирилди.

Соҳани рақамлаштириш натижасида божхона юк декларацияларининг 54 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган. Инсон омилисиз амалга оширилган расмийлаштирувлар улуши эса 21,8 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткичлар божхона хизматларини янада замонавий ва шаффоф тизимга айлантиришда рақамли ечимларнинг аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида 7 532 нафар экспортёр ва 46 026 нафар импортёрнинг ортиқча вақт ва харажатлари тежалишига эришилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон божхона тизимида жорий этилаётган илғор рақамли технологиялар, автоматлаштирилган хизматлар ва халқаро стандартларни татбиқ этиш борасидаги тажриба ҳам муҳокама қилинди. Бундай ҳамкорлик мамлакатимиз божхона маъмуриятчилигини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш, ташқи савдо иштирокчилари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва соҳада замонавий бошқарув механизмларини кенг жорий этишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА