Масалалар ечими юзасидан аниқ топшириқлар берилди
Тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Президентимиз ташаббуси билан давлат идоралари фаолиятида аҳоли ва тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш амалиётига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муродовнинг “Бухоро” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тадбиркорлар, божхона расмийлаштируви мутахассислари ҳамда омбор вакиллари билан ўтказган сайёр қабули ҳам ана шу ёндашувнинг амалий ифодаси бўлди.
Унда йигирмага яқин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси қатнашиб, импорт-экспорт операцияларини амалга ошириш, товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнида учраётган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Хусусан, “LIYA TEKSTIL” масъулияти чекланган жамияти вакиллари айрим импорт ва экспорт товарлари “қизил” йўлак орқали расмийлаштирилаётгани, бу эса жараёнларга қўшимча вақт сарфланишига сабаб бўлаётганини қайд этиб, бундай назорат шакли қўлланиладиган ҳолатларни камайтириш имкониятлари билан қизиқишди.
Мазкур мурожаат юзасидан корхона вакилларига божхона назорати йўлаклари тасодифий тарзда эмас, балки божхона органларида жорий этилган “Хавфни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали белгиланиши тушунтирилди. Ушбу тизимда товарлар ва ташқи иқтисодий операцияларга оид маълумотлар таҳлил қилиниб, мавжуд хавф даражасига қараб тегишли назорат шакли танланади.


Шунингдек, тадбиркорларга Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги 500-сон қарорига мувофиқ ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш тартиби ва унинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Ушбу мақомга эга корхоналар учун божхона расмийлаштируви, товарларни чиқариб юбориш ва божхона кўригидан ўтказиш жараёнларида қатор устуворлик ва енгилликлар назарда тутилгани таъкидланди.
Қабул давомида бошқа тадбиркорларнинг ҳам мурожаатлари тингланди. Айрим масалаларга шу ернинг ўзида ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар берилган бўлса, қўшимча ўрганишни талаб этадиган мурожаатлар бўйича масъуллар белгиланди. Уларни қонунчилик талаблари асосида қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Эътиборлиси, бундай сайёр қабуллар шунчаки мурожаатларни эшитиш билан чекланмай, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, тадбиркор учун ҳар бир сарфланган вақт, ортиқча ҳужжатбозлик ёки кечиккан жараён иқтисодий фаолиятга бевосита таъсир кўрсатади.


Шу маънода, божхона органлари раҳбарларининг жойларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилиши, муаммоларга аниқ ечим топиши ва берилган топшириқлар ижросини назоратга олиши давлат идоралари ва бизнес ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, ташқи иқтисодий фаолиятдаги тўсиқларни камайтириш ҳамда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири