Витебск шаҳрида “Ўзбекистон - Беларусь: ҳамкорлик барқарор ривожланиш омили сифатида” мавзусига бағишланган Ўзбекистон-Беларусь тадбиркор аёлларининг учинчи бизнес-форуми ўтказилмоқда.
Форумда ҳамкорликни ривожлантириш, янги лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинаётир.
Форум доирасида Ўзбекистон делегацияси Беларусь енгил саноатининг етакчи корхоналаридан бири – “Марко” чарм-пойабзал комбинатига ташриф буюрди.
Комбинатнинг ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий технологик ечимлари, қўлланиладиган материаллар ва маҳсулотлар ассортименти билан танишилди. Шунингдек, пойабзал, тўқимачилик ва атторлик буюмларини ўз ичига олган тайёр маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. 60 дан ортиқ саноат, савдо ва илмий ташкилотларни бирлаштирган “Беллегрпром” давлат концерни фаолияти тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Концерннинг экспорт стратегияси, инновацион технологияларни жорий этиш, халқаро брендлар билан ишлаш тажрибаси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Илмий ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 2019 йилдан эътиборан Тошкент енгил саноат институти, Қорақалпоқ давлат университети ва Витебск давлат технология университети ўртасида қўшма дастурлар муваффақиятли амалга оширилаётгани қайд этилди.
***
Форум давомида “Енгил саноат: Ўзбекистон ва Беларусь ҳамкорлигининг янги йўналишлари” мавзусида бўлиб ўтган секцияда тадбиркор аёллар енгил саноатни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва экспорт салоҳиятини ошириш борасида тажриба алмашди.

Икки давлат ўртасида илмий тадқиқотлар, таълим, дизайн ва бозор талабларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни кучайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Машинасозлик комплексида ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида бўлиб ўтган секцияда автомобилсозлик ва машинасозлик тармоқларининг ривожланиш тенденциялари, хорижий инвестицияларни жалб этиш механизмлари, саноат кооперациясини кучайтириш борасидаги имкониятлар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбиркор аёллар бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш тажрибаси, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ва етказиб беришдаги шериклик истиқболлари, шунингдек, кабел маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар ташаббуслари илгари сурилди.
***
Бизнес-форум доирасида “Ўзбекистон ва Беларусь: туризм соҳасида бизнес-ҳамкорлик” мавзусида ўтказилган секцияда туризм соҳасини барқарор ва ўзаро манфаатли ривожлантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалаларида тажриба алмашилди.

Халқаро бозорларда қўшма сайёҳлик маҳсулотларини реализация қилиш, ихтисослашган таълим муассасалари ўртасида тажриба алмашинувини кенгайтириш ва туризм соҳасига рақамли технологияларни жорий этиш, шу жумладан, ягона туристик ахборот-таҳлилий портал яратиш каби ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларида маданий, тарихий йўналишларни, шунингдек, Беларуснинг диққатга сазовор жойлари ва ўзига хос қирраларини очиб беришга қаратилган сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси ва Беларусь Республикаси Туризм саноати республика иттифоқи ўртасида туризм соҳасида 2026-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик чора-тадбирлари бўйича “Йўл харитаси” имзоланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА