Мамлакатимизда газ таъминоти тизимини рақамлаштириш ва замонавий технологиялар асосида самарадорлигини ошириш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу нуқтаи назардан, “Худудгазтаъминот” АЖда Бирлашган Араб Амирликларининг “Esyasoft Holding” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда инвестиция ва рақамли ечимларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. Асосий эътибор газ тақсимоти ва истеъмоли тизимидаги йўқотишларни камайтириш ҳамда операцияларнинг самарадорлигини оширишга қаратилди.

Учрашувда таъкидланишича, “Esyasoft Holding” компанияси сунъий интеллект асосидаги рақамли ечимларни энергетика ҳамда коммунал хўжалик инфратузилмасига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига кенг жорий этиб келаётган йирик компаниялардан бири ҳисобланади.
Компания Ўзбекистонда амалга ошириладиган лойиҳаларга инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Дастлабки босқичда “Худудгазтаъминот” АЖ тизимида “Табиий газ истеъмолини бошқаришнинг рақамли тизимини жорий этиш” лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳа республика бўйича табиий газ тақсимоти ва истеъмолини аниқ ҳисобга олиш, шунингдек, мавжуд йўқотишларни сезиларли камайтириш имконини беради. Лойиҳа доирасида ўрта босимли қувурлар замонавий ҳисоблаш ускуналари билан жиҳозланади ва газ тақсимлаш тармоқларининг электрон харитаси яратилади.
Компания ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа амалга оширилиши натижасида тижорат ва техник йўқотишлар 70-80 фоизга камайиши, газ ҳисобида 99,8 фоиз аниқликка эришилиши, тизим операцион харажатлари 25 фоизга қисқариши ва авариявий ҳолатларда тезкор чоралар кўриш тезлиги 60 фоизга ошиши кўзда тутилган.
Музокаралар якунида томонлар таклиф этилган технологик ечимларни синовдан ўтказиш ва лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асос ишлаб чиқиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА