«Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг тўққиз ойлик режаси 92 фоизга бажарилди
2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида режалаштирилган 251 та кўрсаткичдан 230 таси тўлиқ бажарилди.
Бу ҳақда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги хабар берди.
Рақамли платформада жами 437 та стратегия кўрсаткичи мониторинг қилинмоқда. Тўққиз ойлик якунларга кўра, белгиланган вазифаларнинг 92 фоизи «яшил» (тўлиқ бажарилган) тоифага кирди. Биринчи ярим йилликда бу кўрсаткич 79 фоизни ташкил этган эди.
Мониторинг натижаларига кўра, 21 та кўрсаткичда (8 фоиз) кечикиш кузатилиб, улар «сариқ» тоифада қайд этилди. Жиддий кечикишни англатувчи «қизил» тоифадаги кўрсаткичлар сони нолга туширилди.

Агентлик маълумотига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ва масъул идоралар билан ташкил этилган манзилли ишлар натижасида биринчи ярим йилликда ортда қолган вазифалар ижроси жадаллаштирилди. Хусусан, аввал «қизил» тоифада бўлган 9 та кўрсаткичдан 7 таси, «сариқ» тоифадаги 35 та кўрсаткичдан эса 29 таси «яшил» тоифага ўтказилди.
Ислоҳотларнинг амалий самараси — аҳолининг турмуш шароити ва ҳаёт сифатида
Стратегия доирасида бажарилган ишлар рақамларда эмас, балки бевосита инсонлар ҳаётида, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларнинг яхшиланишида ўз аксини топмоқда.

Масалан, камбағаллик даражаси пасаймоқда: ўтган йилдаги 5,8 фоиздан жорий йилда 4,5 фоизга камайди; умумий ишсизлик даражаси 4,8 фоиздан 4,5 фоизга пасайган бўлса, ёшлар ишсизлиги ҳам 9,6 фоиздан 8,5 фоизга қисқарди; мактабгача ва мактаб таълими педагог ходимларининг ойлик иш ҳақи 2013 йилга нисбатан 1,45 баробар оширилди; ижтимоий карта билан таъминланган аҳоли сони 659 минг нафардан 1,34 миллион нафарга етди; ногиронлиги бўлган болаларни кундузги парвариш хизмати билан қамраб олиш кўрсаткичи 3 минг нафардан 6,7 минг нафарга ошди. Шунингдек, етим болаларнинг жамиятга интеграциялаш даражаси ортиб, ҳисобот даври якунига кўра бу кўрсаткич 1,8 минг нафарни ташкил этди.
Ижрода энг фаол вазирлик ва идоралар
Тўққиз ойлик мониторинг натижаларига кўра, қатор вазирлик ва идоралар ўзига юклатилган вазифаларни тўлиқ бажариб, етакчи ўринларни эгаллади:

Маданият вазирлиги (жами 20 та кўрсаткич), Адлия вазирлиги (13 та), Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (12 та), Рақамли технологиялар вазирлиги (12 та), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (11 та) ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (9 та) ўз йўналишларидаги кўрсаткичларни тўлиқ бажариб, 100 фоизлик натижа қайд этди.
Шунингдек, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси 95 фоиз (18/19), Таълим ва илм-фан вазирлиги 93 фоиз (14/15), Транспорт вазирлиги 92 фоиз (11/12) ҳамда Спорт вазирлиги 89 фоиз (8/9) натижа кўрсатиб, фаол ўнталикка кирди.
Маълумот учун: «Ўзбекистон — 2030» стратегияси мамлакатнинг 2030 йилгача бўлган даврдаги тараққиётининг устувор йўналишлари, мақсадлари ва аниқ кўрсаткичларини белгилаб берувчи асосий узоқ муддатли дастурий ҳужжат ҳисобланади.
Стратегия дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил
11 сентябрдаги ПФ–158-сон Фармони билан тасдиқланган бўлиб, кейинчалик жаҳонда юз бераётган янги тенденциялар, иқтисодий ва технологик ўзгаришлар ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамалари давомида билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–21-сон Фармони билан янгиланган.
Умиджон Қурбонов, ЎзА