“Ўзбекистон — 2030” стратегияси ижросининг биринчи ярим йиллик сарҳисоби: қандай реал ўзгаришларга эришилди?
Ҳар қандай давлат дастури ва стратегиясининг асл баҳоси ҳисоботлардаги рақамлар билан эмас, фуқароларнинг кундалик турмушида юз берган реал ўзгаришлар билан ўлчанади. Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида айнан шу тамойил бўйича қатор соҳаларда эришилган натижалар хусусида маълумот берилди.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида 70 дан ортиқ вазирлик ва идоралар кесимида жами 437 та самарадорлик кўрсаткичи рақамли платформа орқали узлуксиз мониторинг қилиб борилмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, баҳолашдан ўтказилган 206 та вазифанинг 162 таси, яъни 79 фоизи ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажарилган.


Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари А. Абдуқодировга кўра, мониторинг натижалари аҳоли билан бевосита боғлиқ бўлган қатор ижтимоий соҳаларда сезиларли силжишлар бўлганини кўрсатди. Жумладан:
– ижтимоий соҳадаги хизматларнинг 78 фоизи рақамлаштирилди, натижада мурожаатларни кўриб чиқиш ва хизмат кўрсатиш муддати 18 кундан 10 кунга қисқарди;
– ижтимоий карта билан таъминланган эҳтиёжманд фуқаролар сони 659 мингдан 1,1 миллион нафарга етди;
– проактив ва композит хизматлар сони 89 тадан 161 тага, соддалаштирилган тартиб-таомиллар 150 тадан 204 тага етказилди. Нотариат ва ФҲДЁ бўйича масофавий, онлайн хизматлардан фойдаланиш ҳажми 3 баробардан кўпроққа ошди;
– халқаро тил имтиҳонлари харажатлари қоплаб берилган ёшлар сони 24,1 минг нафарни (15 мингга нисбатан) ташкил этди;
– юртимизга 6,2 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрди ва туризм хизматлари экспорти 2,64 миллиард АҚШ долларига етди.

Стратегиянинг 5 та устувор йўналиши бўйича таҳлилга қаралганда, энг юқори кўрсаткич қонун устуворлиги (93%) ҳамда инсон салоҳияти (85%) йўналишларида қайд этилган. Сув ва экология бўйича вазифалар 79 фоизга, хавфсиз давлат йўналиши 77 фоизга, иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари эса 70 фоизга бажарилган.

Адлия вазирлиги, Туризм қўмитаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ўзларига бириктирилган кўрсаткичларни 100 фоизга бажарган.

Бундан ташқари, А. Абдуқодиров стратегик ҳужжатларнинг сифат назорати кучайтирилганини таъкидлади. Унга кўра, йил бошидан буён Агентликка киритилган 100 та стратегик ҳужжат лойиҳаларининг фақат 42 тасига ижобий хулоса берилган, қолган 58 таси эса талаб даражасида ишлаб чиқилмагани сабабли қайтарилган бўлиб, ташаббускорлар билан биргаликда такомиллаштирилмоқда.
Умиджон Қурбонов, ЎзА