Ўзбек ёзувчиси - Нобель мукофоти номзодлари рўйхатида
Ўзбекистонлик ёзувчи Ҳамид Исмоилов Нобель мукофотининг адабиёт бўйича номзодлари рўйхатига киритилди.
Нобель мукофотининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, адабиёт бўйича номзодлар ва уларни кўрсатган шахслар ҳақидаги маълумотлар 50 йил давомида сир сақланади. Нобель мукофоти расмий базасида кўрсатилганидек, янги номзодлар ҳақидаги маълумотлар фақат муддат ўтгандан сўнггина маълум бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.
Ҳамид Исмоилов ўзбек ва рус тилларида ижод қилади. Унинг асарлари инглиз, турк, немис ва француз тилларига таржима қилинган. 2019 йилда ёзувчи “Жинлар базми” романи учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг адабиёт бўйича мукофотига сазовор бўлган. Унинг “We Computers” асари ҳам мазкур мукофот рўйхатига киритилган.
Машҳур шоир, ёзувчи ва журналист 1954 йил 5 майда Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида таваллуд топган. Ҳамид Исмоилов ҳарбий алоқа билим юртини, кейинчалик Тошкент давлат университетининг биология, юридик ва менеджмент факультетларини тугатган.
1992 йилдан буён ёзувчи Лондонда истиқомат қилади. 2006 йилда унинг “Темир йўл” романи машҳур ёзувчи Роберт Чандлер томонидан инглиз тилига таржима қилиниб, Лондонда нашр этилди. Шоирнинг шеърлари Ингеборг Бальдауф ва Зигрид Кляйнмихель томонидан немис тилига таржима қилинди.
Бу йилги адабиёт бўйича Нобель мукофоти 8 октябрь, пайшанба куни Стокгольмда эълон қилинади. Ғолиб 12 миллион швед крони – тахминан 1,2 миллион долларлик мукофот пули билан тақдирланади. Тақдирлаш маросими 10 декабрь куни бўлиб ўтади.
Ораш Акабоев, ЎзА