Ўзбекистон давлат консерваторияси – 85 ёшда
Ўзбекистон давлат консерваторияси ташкил этилганига 85 йил тўлди. Ушбу санъат маскани ўзбек ва дунё мусиқасини тарғиб этиш, соҳа учун юқори интеллектуал салоҳиятли, истеъдодли мусиқачиларни етиштиришда муҳим сарчашма вазифасини ўтамоқда.
Пойтахтимизда ушбу олий мусиқа ўқув даргоҳи ташкил этилганининг 85 йиллик юбилейи ШҲТга аъзо давлатлар мусиқий олий таълим муассасалари ректорларининг биринчи форуми билан уйғун тарзда ўтказилди. Унинг доирасидаги анжуман, ижодий мулоқот ва учрашувлар, йирик форумларнинг ўзига хос сарҳисоби сифатида очиқ осмон остидаги концерт тадбир қатнашчилари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, мусиқашунос, композиторларни ўзига чорлади.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон давлат консерваторияси ташкил этилганининг 85 йиллиги муносабати билан табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари –Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон давлат консерваторияси ташкил этилганининг 85 йиллиги муносабати билан профессор-ўқитувчилардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, ушбу олий ўқув юртининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари, мусиқашунослар, иқтидорли талабалари Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланди. Уларга мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов топширди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳақли равишда Марказий Осиёдаги энг қадимий олий мусиқа таълими муассасаси ҳисобланади. Ушбу билим даргоҳи кўп йиллар давомида минтақадаги ягона мусиқа олий таълим муассасаси бўлган. Консерватория тарихи жуда бой ва мазмунли. Бу ерда Ўзбекистон мусиқа маданиятининг кўплаб таниқли намояндалари, профессионал санъат ва мусиқа илмининг дарғалари фаолият юритгани диққатга сазовордир.
[gallery-7536]
Ўтган йиллар давомида ушбу олий таълим даргоҳида миллий ва жаҳон мусиқа санъатини мукаммал ўрганиш, тарғиб этиш, бу йўналишда чуқур тадқиқотлар олиб бориш бўйича ўзига хос ижодий платформа яратилди, десак муболаға бўлмайди. Устоз композиторлар Мухтор Ашрафий, Юнус Ражабий, Георгий Мушель, Турғун Алиматов, Зоҳид Ҳақназаров, Офелия Юсупова, Саодат Қобулова, Илёс Акбаров ва яна кўплаб фидойи мусиқачиларимиз, олимларимиз ушбу билим даргоҳининг нуфузини юксалтиришда, янги истеъдод соҳибларини аниқлаш ва кашф этишда муносиб ҳисса қўшдилар.
Мазкур олий ўқув юртини тамомлаган мутахассислар, мусиқачилар, дирижёрлар мумтоз ва милий мусиқа соҳасида мамлакатимиз ҳамда кўплаб хорижий давлатларда самарали педагогик, ижодий фаолият олиб бормоқда. Айни дамда Ўзбекистон давлат консерваториясининг талабалари жаҳондаги нуфузли халқаро танловлар, санъат фестивалларида муваффақият қозонмоқда.
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янги йўналишда таълим берадиган бир қатор мусиқий олий ўқув юртлари ташкил этилди, мавжудларидаги шароитлар замон талаблари даражасига келтирилмоқда.
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ва бошқа бир қатор санъат олий таълим даргоҳлари айнан ушбу олий ўқув даргоҳи негизида пайдо бўлган маърифий пойдевор асосида шаклланди, десак муболаға бўлмайди.
ШҲТга аъзо давлатлар мусиқий олий таълим муассасалари ректорларининг биринчи форуми иштирокчилари Ўзбекистон давлат консерваторияси мисолида мамлакатимизда мусиқа таълимига қаратилаётган амалий эътибор билан танишдилар. Айтиш жоизки, мазкур форумнинг ўтказилиши Ўзбекистон мусиқа таълими ривожини янги босқичга олиб чиқиб, ҳамкорлар билан биргаликда таълим тизимида замонавий йўналишлар очиш, ШҲТ давлатлари ўқитувчиларининг олий ўқув юртлараро малакаси ва тажрибасини ошириш, дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш имконини бергани билан аҳамиятли бўлгани аниқ.
...Мумтоз мусиқанинг мўъжизакор оҳанглари янграйди. Очиқ осмон остида ўтказилган мусиқий тадбирда жаҳон ва ўзбек композиторларининг энг сара асарлари меҳмонлар, санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Абдужаббор Абдувоҳидов, Хайриддин Султонов иштирок этди.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА мухбири